Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3686 марта ўқилди

1. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари, шу жумладан “хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” умумэътироф этилган институтларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш орқали сезиларли кучайтирилди.

Хусусан, илк маротаба Асосий қонунда қуйидагилар белгиланди:

  • айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Бу, ўз навбатида, энг муҳим бўлган “айбсизлик презумпцияси” принципининг амалда рўёбга чиқарилишининг кафолати ҳисобланади;
  • гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин;
  • ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Бунда, Конституцияда қуйидагилар аниқ белгиланмоқда: агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас;
  • ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас
  • ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга  мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади;
  • ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига  қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек, унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда  йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади;
  • шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас, шахсни  ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт;
  • озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга;
  • шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас ва бошқалар.

2. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

3. Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланди. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳимояланиши, одил судловдан фойдаланишини таъминлаш ва уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратишнинг давлат кафолатлари кучайтирилди.

4. Ҳар кимнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш ҳуқуқи белгиланди.

  • Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
  • Ҳар кимга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш конституциявий ҳуқуқи берилди.
Chat