Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22580 марта ўқилди

Ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи

Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда меҳнати учун камситишларсиз адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш чораларини кўради.

Ишсизликдан ҳимояланиш — шахсга иш қидириш, касб ўрганиш, ишга жойлашиш ва қонунда белгиланган ҳолларда ишсизлик нафақасини олишда давлат томонидан кўмак кўрсатилиши.

Ким ишсиз деб эътироф этилади?

Қуйидаги талабларга жавоб берадиган меҳнатга лаёқатли шахс ишсиз деб эътироф этилиши мумкин:

  • 16 ёшдан пенсия таъминоти ҳуқуқини олиш ёшигача бўлиши;
  • ҳақ тўланадиган иши ёки меҳнат даромади келтирадиган машғулоти бўлмаслиги;
  • иш қидираётган ва иш таклиф этилганда унга киришишга тайёр бўлиши;
  • касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака оширишга тайёр бўлиши;
  • маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши.

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган шахслар, сиртқи таълимда ўқиётганлар бундан мустасно, ишсиз деб эътироф этилмайди.

Қандай мурожаат қилинади?

Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлаш учун:

  • маҳаллий меҳнат органига бевосита;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш мумкин.

Электрон ариза кўриб чиқилгандан кейин шахсни ишсиз деб эътироф этиш ёки рад қилиш тўғрисида QR-кодли хабарнома портал орқали юборилади.

Мақбул келадиган иш қандай аниқланади?

Мақбул келадиган иш — шахснинг касбий тайёргарлиги, ёши, соғлиғи, меҳнат стажи ва аввалги иш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда таклиф этиладиган иш.

Шахсдан яшаш жойини ўзгартиришни талаб қиладиган, транспортда қатнаш учун ўта ноқулай ёки соғлиқ ҳолатига тўғри келмайдиган иш мақбул иш деб ҳисобланмайди.

Таклиф этилган мақбул ишни узрли сабабсиз икки марта рад этиш ишсиз деб эътироф қилиш рад этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ишсиз шахсга қандай ёрдам кўрсатилади?

Ишсиз деб эътироф этилган шахс:

  • бепул маслаҳат олиш;
  • бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш;
  • касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш;
  • меҳнат органи кўмагида ишга жойлашиш;
  • қонунда белгиланган шартлар асосида ишсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақаси фақат белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахсга тайинланади. Нафақа миқдори ва тўлаш муддати шахснинг аввалги меҳнат фаолияти ҳамда қонундаги мезонларга қараб белгиланади.

Мажбурий ва болалар меҳнати тақиқланадими?

Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Боланинг соғлиғи, хавфсизлиги, ахлоқи, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф соладиган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмайди.

Қарордан норози бўлса нима қилиш керак?

Шахс ишсиз деб эътироф этишни рад қилиш, нафақани тайинламаслик, тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақидаги қарорнинг асосларини билиш ҳуқуқига эга.

Қарордан:

  • юқори турувчи меҳнат органига;
  • прокуратурага;
  • маъмурий судга шикоят қилиш мумкин.
Chat