Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3703 марта ўқилди

Контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

Ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар.

Ҳарбий хизматни ўташ муддатлари ва асосий шартлари контрактда белгиланади. Бунда ҳақиқий ҳарбий хизматга контракт бўйича кираётган шахслар билан дастлабки контракт 5 йилга тузилади; контракт бўйича ҳарбий хизматчилар (резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар) билан янги контракт 5 йилга ёки агар ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етишига 5 йилдан кам қолган бўлса, камроқ муддатга тузилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан ўқиш даври учун келгусида уларнинг офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни камида 5 йил мажбурий ўташи шарти билан контрактлар тузилади.

Ҳарбий хизматнинг контрактда назарда тутилган муддати тугаганидан кейин тарафларнинг келишуви билан бу муддат янги контракт тузиш орқали узайтирилиши мумкин. Контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Chat