Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4370 марта ўқилди

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ҳудудий комиссиянинг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига кўра, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини оилавий шароитга кўра кечиктириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса. Ота-онанинг меҳнатга қобилиятсизлиги қонунчиликка мувофиқ аниқланади;

2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;

3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;

4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;

5) чақирилувчининг биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.

Чақирилувчини унинг ота-онаси вафот этганлиги, улар узоқ муддат бетоблиги муносабати билан ёки бошқа узрли сабабларга кўра камида 5 йилдан бери ўз қарамоғида сақлаётган шахслар унинг ота-онасига тенглаштирилади.

  • Юқорида кўрсатилган чақирилувчилар ўз розилиги ва ота-онасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) розилиги билан ҳарбий хизматга чақирилиш муддати кечиктирилмаган ҳолда чақирилиши мумкин.
  • Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган чақирилувчилар, шунингдек олий таълим муассасаларида кундузги ўқишда таҳсил олаётган талабалар ўқишни давом эттиришлари учун уларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунларига қадар кечиктирилади.

Олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-августда жалб этилади.

Таълим муассасаларидан ўқишдан чиқарилган шахслар чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Чақирилиш муддатини кечиктириш асосларини йўқотган чақирилувчилар, шунингдек Қонунга мувофиқ чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига ёхуд чақирилишдан озод этиш учун асосларга эга бўлмаган ва турли сабабларга кўра муддатли ҳарбий хизматга ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилмаган шахслар чақирилиш куни 27 ёшга тўлгунига қадар Қуролли Кучлар сафига навбатдаги чақирув пайтида чақириладилар.

Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар:
  • саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;
  • яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;
  • рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

Юқорида кўрсатилган шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.

Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.

Chat