Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17922 марта ўқилди

Муқобил хизмат нима

Муқобил хизмат — умумий ҳарбий мажбуриятни чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида ёрдамчи ишлар бажариш орқали ўташнинг алоҳида туридир.

Кимлар ҳуқуққа эга

Муқобил хизмат ҳуқуқига:

18 ёшдан 27 ёшгача;

— ҳарбий рўйхатда турган;

— ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган;

— диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган рўйхатдан ўтган диний ташкилот ҳисобида турган фуқаролар эга.

Шу сабаб муқобил хизмат ҳарбий хизмат ўрнига барча чақирилувчилар хоҳишига кўра танланадиган умумий вариант эмас.

Хизмат муддати

Муқобил хизмат:

— умумий тартибда — 24 ой;

— олий маълумотли фуқаролар учун — 18 ой давом этади.

Қаерда ўталади

Фуқаролар муқобил хизматни турар жойида ёки мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги белгиланган корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтайди.

Улар ишлайдиган ташкилотлар ҳамда бажарилиши мумкин бўлган ишлар рўйхати белгиланган тартибда шакллантирилади.

Иш ҳақи ва меҳнат стажи

Муқобил хизматни ўтаётган фуқарога иш ҳақининг 80 фоизи тўланади, қолган белгиланган қисми тегишли тартибда ушлаб қолинади.

Муқобил хизматдаги фуқароларга меҳнат қонунчилиги татбиқ этилади ва хизмат муддати меҳнат стажига қўшилади.

Асосий мажбуриятлар

Муқобил хизматчи:

— белгиланган жойда хизматни ўташи;

— ички меҳнат тартибига;

— қонунчилик ва меҳнат шартномаси шартларига риоя қилиши шарт.

Қонунчиликда унинг раҳбарлик ёки сайланадиган лавозимни эгаллаши ва тадбиркорлик билан шуғулланишига чекловлар ҳам мавжуд.

Эслатма: муқобил хизмат муддати 24 ой ёки 18 ой бўлиб, у 12 ойлик муддатли ҳарбий хизмат билан бир хил муддатда эмас.

Chat