Шрифт ўлчами
Кўриниш
Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта — март — апрель ойларида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори чақирув бошланишига камида бир ой қолганида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва таълим муассасаларининг раҳбарлари хизмат сафарида бўлган чақирилувчиларни чақиртириб олишлари ва уларнинг чақирув участкасида ўз вақтида ҳозир бўлишини таъминлашлари шарт.
Маълумот учун: Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши
Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг умумий раҳбарлиги остида ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишлари молиялаштирилиши ҳамда моддий-техника жиҳатидан таъминланишини амалга оширадилар, ўқув-моддий базасини барпо этадилар, бундай тайёргарликнинг ташкил этилиши учун жавобгар бўладилар.
Чақирилувчилар билан олиб бориладиган ҳарбий хизматга тайёргарлик ишлари қуйидагиларни қамраб олади:
- чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик;
- чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги;
- олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёргарлик;
- жисмоний тайёргарлик, даволаш-соғломлаштириш ишлари;
- умумтаълим тайёргарлиги;
- ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, шу жумладан фуқаро муҳофазаси ва тиббий билим асослари бўйича тайёргарлик ўқув дастуридаги мажбурий фан бўлиб, умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларида чақирувга қадар тайёргарлик ўқитувчилари томонидан битириш йили арафасидаги курслардан ёки синфлардан бошлаб ўтилади.
Маълумот учун:
Ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:
1) ёш бўйича — у ҳарбий хизматда бўлиш ёши чегарасига етганида, шу жумладан унга белгиланган тартибда узайтирилган ҳарбий хизмат муддати тугаганда;
2) муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганда — чақирув бўйича муддатли ҳарбий хизматнинг қонунчиликда белгиланган муддати тугаганда (бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда);
3) контракт муддати тугаганда — бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда, агар амалдаги контрактнинг тугаши пайтига келиб ҳарбий хизматчи ёки вазирлик ва идора томонидан янги контракт тузмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;
4) ташкилий-штат тадбирлари муносабати билан — ҳарбий хизматчидан хизматда фойдаланиш мумкин бўлмаган тақдирда, уни бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда;
5) соғлиғининг ҳолатига кўра — у ҳарбий-тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганлиги муносабати билан;
6) тарафлардан бирининг ташаббусига кўра контракт муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан;
7) интизомсизлиги сабабли олий ҳарбий таълим муассасасидан четлаштирилиши муносабати билан — уни бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда;
8) ҳарбий хизматчи номига доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракат содир этганда;
9) давлат сирларидан фойдаланишдан маҳрум қилинганда;
10) озодликдан ёки ҳарбий унвондан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазо чоралари тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирганда;
11) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлиги ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролиги мавжудлиги муносабати билан.Ҳарбий хизматчиларни ҳарбий хизматдан бўшатиш уларни тегишли лавозимларга тайинлаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
- Ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдан резервга, ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолларда эса истеъфога бўшатилади.
- Резервда бўлиш ёши чегарасига етган ёки соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий-тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролигига эга бўлган ҳарбий хизматчилар истеъфога бўшатилади.
Маълумот учун: Ҳарбий хизматдан бўшатиш
Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ҳудудий комиссиянинг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига кўра, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.
1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса. Ота-онанинг меҳнатга қобилиятсизлиги қонунчиликка мувофиқ аниқланади;
2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;
3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;
4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;
5) чақирилувчининг биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.
Чақирилувчини унинг ота-онаси вафот этганлиги, улар узоқ муддат бетоблиги муносабати билан ёки бошқа узрли сабабларга кўра камида 5 йилдан бери ўз қарамоғида сақлаётган шахслар унинг ота-онасига тенглаштирилади.
Олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-августда жалб этилади.
Таълим муассасаларидан ўқишдан чиқарилган шахслар чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.
Чақирилиш муддатини кечиктириш асосларини йўқотган чақирилувчилар, шунингдек Қонунга мувофиқ чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига ёхуд чақирилишдан озод этиш учун асосларга эга бўлмаган ва турли сабабларга кўра муддатли ҳарбий хизматга ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилмаган шахслар чақирилиш куни 27 ёшга тўлгунига қадар Қуролли Кучлар сафига навбатдаги чақирув пайтида чақириладилар.
Юқорида кўрсатилган шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.
Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.
Маълумот учун: Муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш
Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.
Маълумот учун: Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат