Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14906 марта ўқилди

Ногиронлиги бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» марказлари — руҳий ҳолати бузилган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болаларга ихтисослаштирилган ижтимоий хизматлар кўрсатувчи давлат ижтимоий муассасаларидир.


Марказларда болаларни қараб туриш ва парваришлаш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш, маиший, мулоқот ва меҳнат кўникмаларини шакллантириш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш ҳамда жамиятга мослаштириш бўйича хизматлар кўрсатилади.

Марказга кимлар жойлаштирилади?

Марказга Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳий ҳолати бузилган ва тегишли тиббий кўрсатмаларга эга бўлган 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар жойлаштирилади.

Болани Марказга жойлаштириш масаласи Ижтимоий-психиатрик-тиббий комиссия хулосаси асосида ҳал этилади.

Жойлаштириш Марказда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Қаерга мурожаат қилинади?

Боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси, ҳомийси ёки бошқа қонуний вакили:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали

мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатга доир маълумотлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг тегишли модулида шакллантирилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш тартиби

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази:

  • боланинг ҳолати ва оиланинг ижтимоий шароитини ўрганади;
  • зарур маълумот ва ҳужжатларни ахборот тизимлари орқали шакллантиради;
  • боланинг функционаллигини баҳолайди;
  • маълумотларни Ижтимоий-психиатрик-тиббий комиссияга электрон тарзда юборади.

Мурожаатнинг Ижтимоий-психиатрик-тиббий комиссияга юборилгани ёки рад этилгани ҳақида ариза берувчига СМС-хабар, ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали хабар берилади.

Рад этиш асослари

Мурожаатни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • бола танланган ижтимоий хизмат учун белгиланган тиббий кўрсатмалар ёки тоифага мувофиқ бўлмаса;
  • тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлардаги камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа талаблар бажарилмаса.

Рад этиш сабаблари ариза берувчига электрон шаклда маълум қилинади.

Марказга қабул қилиш

Ижтимоий-психиатрик-тиббий комиссия болани Марказга жойлаштириш мумкинлиги тўғрисида хулоса берганидан сўнг, бола белгиланган навбат асосида ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда навбатсиз жойлаштирилади.

Бола Марказга қабул қилинганда унинг:

  • соғлиғи;
  • функционал ҳолати;
  • ижтимоий ва психологик эҳтиёжлари

ўрганилади.

Ҳар бир бола учун унинг индивидуал хусусиятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури ишлаб чиқилади.

Марказда кўрсатиладиган хизматлар

Марказларда болаларга:

  • хавфсиз ва қулай яшаш шароитлари;
  • доимий қараб туриш ва парваришлаш;
  • тиббий кузатув ва соғломлаштириш;
  • озиқ-овқат, кийим-кечак ва шахсий гигиена воситалари;
  • дори воситалари ва тиббий буюмлар;
  • протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари;
  • таълим-тарбия;
  • маиший ва мулоқот кўникмаларини ривожлантириш;
  • ижтимоий, психологик ва меҳнат реабилитацияси;
  • маданий-маърифий ва спорт тадбирларида иштирок этиш

бўйича хизматлар кўрсатилади.

Болаларнинг ижтимоий-моддий таъминоти, таълими, тарбияси ва парвариши тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.

18 ёшга тўлгандан кейин

Бола 18 ёшга тўлганидан кейин, Ижтимоий-психиатрик-тиббий комиссия хулосаси ва бўш ўрин мавжудлиги асосида ногиронлиги бўлган шахслар учун «Ғамхўрлик» марказига ўтказилиши мумкин.

Chat