Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1171 марта ўқилди

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.

2024 йил 1 июндан:

  1. тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;     
  2. хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади;
  3. тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:
  • хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
  • профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
  • расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.

Тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади:

  • 2024 йил 1 июндан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида;
  • 2024 йил 1 октябрдан республиканинг қолган барча ҳудудларида.

Бирламчи кўмак хоналарида:

  • жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари 3 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади;
  • шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади, шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги тўғрисида таҳлиллар ўтказилади.

2024 йил 1 октябрдан ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури “Инсон” марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

2025 йил 1 январдан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади;

2024 йил 1 декабрдан бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.

Chat