Аёллар қачон 54 ёшдан пенсияга чиқиши мумкин?
Қонунчиликка мувофиқ, камида 20 йиллик белгиланган иш стажига эга бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга.
Имтиёзли пенсия — умумий белгиланган пенсия ёшидан олдин ёки пенсия ёши қисқартирилган ҳолда тайинланадиган пенсия.
Қандай иш стажи ҳисобга олинади?
54 ёшдан пенсияга чиқиш учун камида 20 йиллик стаж қуйидаги фаолият даврларидан шаклланган бўлиши керак:
- ходим сифатида бажарилган ва қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий суғурта, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ёки ижтимоий солиқ билан тасдиқланган иш;
- ҳарбий хизмат, Миллий гвардия, ички ишлар ва давлат хавфсизлиги органларидаги хизмат;
- ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, махсус алоқа ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
- якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик, деҳқон хўжалиги ҳамда ўзини ўзи банд қилиш фаолияти — белгиланган тўловлар амалга оширилган бўлса;
- жазони ижро этиш муассасасида бажарилган иш — ушбу давр учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса.
Айнан шу фаолият даврлари жами камида 20 йил бўлиши шарт.
Қайси даврлар 20 йиллик стажга киритилмайди?
Қуйидаги даврлар умумий пенсия стажига қўшилиши мумкин, аммо 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқини берувчи 20 йиллик махсус ҳисобга киритилмайди:
- I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни парваришлаш;
- 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болани парваришлаш;
- ўзгалар парваришига муҳтож 80 ёшга тўлган кексани парваришлаш;
- олий таълим муассасаси, аспирантура, докторантура ёки клиник ординатурада кундузги ўқиш;
- бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътили — жами кўпи билан 6 йил;
- ҳарбий хизматчилар хотинларининг ишга жойлашиш имкони бўлмаган жойда яшаган даври;
- дипломатик ваколатхона ходими эри ёки хотинининг чет элда бўлган даври.
Мисол
Аёлнинг умумий иш стажи 25 йил, шундан 6 йили болаларни парваришлаш таътили бўлса, 54 ёшдан пенсия ҳуқуқини берувчи стаж 19 йилни ташкил этади.
Бундай ҳолатда аёл 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Унга умумий шартларга мувофиқ 55 ёшдан ёшга доир пенсия тайинланиши мумкин.