Таълим кредити Ўзбекистон фуқароларига олий ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида кундузги таълим шаклида ўқиш учун ажратилади.
Олий таълимда бакалавриат ва магистратуранинг кундузги шаклига қабул қилинган, ўқишга тавсия этилган ёки ўқишини кўчирган талабалар таълим кредитидан фойдаланиши мумкин. Таълим ташкилотининг давлат, нодавлат ёки хорижий экани кредит ажратилишига ўз-ўзидан тўсқинлик қилмайди.
Таълим кредити — талабанинг тўлов-контракт харажатларини молиялаштириш учун тижорат банки томонидан белгиланган шартларда бериладиган мақсадли кредит.
Олий таълим ташкилотининг 1-курс талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларига таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида ажратилади.
Олий таълимнинг 2-курси ва ундан юқори курсларида кредит миқдори талабанинг аввалги ўқув йилидаги GPA кўрсаткичига боғлиқ:
— GPA 3 дан паст бўлса — контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи кредит ҳисобидан қопланади. Бунда талаба дастлаб контрактнинг 20 фоизини ўзи тўлаши керак;
— GPA 3 ва ундан юқори бўлса — кредит контракт суммаси миқдорида ажратилади;
— Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоси бўлган талабага ҳам контракт суммаси миқдорида кредит берилиши мумкин.
GPA ҳақидаги маълумот HEMIS тизимидан, контракт суммаси ҳақидаги маълумот эса тегишли электрон ахборот тизимларидан автоматик шакллантирилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг олий таълимда ўқиётган талаба фарзандининг GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлса, унга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.
Талабанинг Ижтимоий реестрга мансублиги тегишли ахборот тизимлари орқали автоматик аниқланади.
Эслатма: 2-курс ва ундан юқори курсда GPA 3 дан паст бўлса, банк контрактнинг барчасини эмас, кўпи билан 80 фоизини кредит қилади. Ижтимоий реестрдаги оила фарзанди учун GPA 3,5 ва ундан юқори бўлса, кейинги ўқув йилига фоизсиз кредит олиш имконияти мавжуд.
Умумий тартибда таълим кредити тижорат банки томонидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади.
Агар Марказий банк асосий ставкаси пасайса, таълим кредити ставкаси ҳам мутаносиб равишда пасаяди. Асосий ставка ошса, аввал тузилган таълим кредити бўйича ставка оширилмайди.
Асосий қарзни қайтариш талабанинг расмий ўқиш муддати тугаганидан кейин 7-ойдан бошланади ва 7 йил давомида амалга оширилади.
Таълим кредити:
— табақалаштирилган тўлов-контракт;
— унинг минимал миқдорига тенг бир марталик бошқа тўловлар;
— давлат ОТМлари магистратурасига қўшимча қабул параметрлари асосида қабул қилинганлар учун белгиланган айрим контракт тўловларини қоплаш учун ажратилмайди.
Таълим кредити учун мурожаат электрон тизимлар орқали ёки тижорат банкининг белгиланган тартибида амалга оширилади.
Банк кредит олувчининг аризаси ва зарур ҳужжатларини 5 иш куни ичида кўриб чиқиши керак. Кредит бериш рад этилса, аризачига рад этиш сабаби кўрсатилган жавоб берилади.