Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик жаримага тортилади.
Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситаси ҳаракатланиб бораётганда ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақиб олиши шарт.
Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади:
- автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар (Йўл ҳаракати қоидаларинининг 159-банди);
- ўқув-машқ транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори;
- ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда);
- хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчиси ва йўловчилари.
Мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт.