Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2312 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.08.2021 йилдаги ПҚ-5220-сонли қарори билан "Ватандошлар" жамоат фонди ташкил этилган

 Фонд фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
  • халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, ватандошлар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
  • хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
  • хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;
  • хорижда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш;
  • ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  • хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларимизнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш ва бошқалар.

Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланган:
  • давлат субсидияси ва давлат ижтимоий буюртмаларидан келиб тушадиган маблағлар;
  • муассислар томонидан ажратиладиган маблағлар;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • юридик ва жисмоний шахслар, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;
  • Фонд маблағларини тижорат банкларида депозитга қўйишдан олинадиган даромадлар;
  • Фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда);
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш шартларига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тенглаштирилган.

Chat