Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1169 марта ўқилди

“Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-269-сон, 18.07.2024 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан давлат олий таълим муассасаларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизими уч йиллик олий таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқув жараёни “блок-модуль” тизимига асосланган дуал таълим шаклида ташкил этилади.

Бунда, ўқув жараёнларининг назарий ва амалий машғулотлар улушини:

  • 1 босқичда – 80 фоиз назарий ва 20 фоиз амалий;
  • 2 босқичда  – 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;
  • 3 босқичда  – 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий бўлиши назарда тутилади.

2024 йил 1 августдан туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.

2027 йил 1 январгача туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг амалиёт базаларида кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғи ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўланади.

Қарорга мувофиқ,  2025/2026 ўқув йилидан Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм академиясида меҳмонхоналар ва ресторанлар учун юқори малакали хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

2025 йил 1 мартгача “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги профессионал таълим муассасаларига халқаро даражада тан олинган таълим дастурларини “франшиза” асосида жорий этиш чоралари кўрилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

  • 2024/2025 ўқув йилигача туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳалари бўйича олий таълим дастурларини жаҳон рейтингида биринчи 100 таликка кирувчи нуфузли ОТМларнинг таълим дастурлари асосида қайта кўриб чиқади;
  • туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларига оид олий таълим йўналишларининг дуал таълим шакли бўйича Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги малака талаблари ҳамда таълим дастурларини ишлаб чиқади;
  • белгиланган ОТМлар ҳузурида шартнома асосида араб, япон, хитой, ҳинд, испан, италян, корейс, урду, индонез ва малай тилларида хизмат кўрсатувчи гид-таржимонларни тайёрлаш бўйича қўшимча курсларни ташкил этади.

Реставраторларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш маркази негизида юридик шахс мақомига эга бўлган Туризм соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази ташкил қилинади.

Chat