Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10318 марта ўқилди

Фирма номи қачон ҳимоя қилина бошлайди?

Фирма номи тижорат ташкилотининг уни бошқа юридик шахслардан ажратиб турувчи индивидуал номи ҳисобланади.

Фирма номи юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади. Уни интеллектуал мулк объекти сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди.

Фирма номи қандай талабларга жавоб бериши керак?

Фирма номи юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акс эттириши ва қонунда тақиқланган белгиларни ўз ичига олмаслиги керак.

Жумладан, тегишли рухсатсиз давлатнинг расмий номи ёки айрим давлат ва халқаро ташкилотларни англатувчи белгилардан фойдаланишга чекловлар мавжуд. Шунингдек, истеъмолчини чалғитадиган ёки аввалроқ ҳуқуқий муҳофаза олган ном ва белгилар билан адаштириш даражасида ўхшаш фирма номига йўл қўйилмайди.

Фирма номидан ким фойдаланиши мумкин?

Юридик шахс ўз фирма номидан фойдаланиш ва бошқаларга ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга.

Фирма номидан фойдаланиш ҳуқуқи бошқа юридик шахсга лицензия шартномаси ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси асосида берилиши мумкин. Бунда истеъмолчини чалғитишга йўл қўйилмаслиги керак.

Бошқа шахс фирма номидан ноқонуний фойдаланса нима қилиш мумкин?

Ҳуқуқ эгаси, жумладан:

  • ҳуқуқбузарликни тўхтатишни;
  • ноқонуний фирма номини товар, ёрлиқ, идиш ва ўровдан олиб ташлашни;
  • заруратда контрафакт маҳсулотларни йўқ қилишни;
  • етказилган зарарни қоплашни;
  • зарар ўрнига 20 БҲМдан 1 000 БҲМгача товон тўлашни талаб қилиши мумкин. Товон миқдори тарафлар келишуви ёки суд томонидан белгиланади.

Фирма номидан қонунга хилоф фойдаланиш юридик шахсга 100 БҲМдан 200 БҲМгача жарима солишга ҳам сабаб бўлади.

Эслатма: фирма номи ва товар белгиси бир хил ҳуқуқий объект эмас. Компания номининг давлат рўйхатидан ўтказилгани уни автоматик равишда товар белгиси сифатида ҳам рўйхатдан ўтказилган дегани эмас.

Chat