Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1294 марта ўқилди

Товар чиқарилган жой номи уни рўйхатга олиш асосида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Мамлакат, аҳоли пункти, жой ёки бошқа жўғрофий объектнинг товарни белгилаш учун ишлатиладиган номи алоҳида хусусиятлари тамомила ёки асосан ана шу жўғрофий объектга хос табиий шароитлар ёки бошқа омиллар ёхуд табиий шароитлар ва бу омилларнинг ўзаро бирикмаси билан белгиланадиган товар чиқарилган жой номи (келиб чиқиш кўрсаткичи) деб эътироф этилади.

Жўғрофий объектнинг тарихий номи товар чиқарилган жойнинг номи бўлиши мумкин.

Гарчи жўғрофий объектнинг номи бўлса-да ёки шу номни ўз таркибига олган бўлса-да, аммо Ўзбекистон Республикасида муайян турдаги товарнинг у тайёрланган жой билан боғлиқ бўлмаган белгиси сифатида умумий истеъмолга кириб кетган белги товар чиқарилган жой номи деб эътироф этилмайди ва ушбу параграф қоидаларига мувофиқ ҳуқуқий муҳофаза мақсадларида рўйхатдан ўтказилмайди. Бироқ бу ҳол бундай номдан инсофсизлик билан фойдаланиш натижасида ҳуқуқи бузилган шахсни ўз ҳуқуқларини қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан муҳофаза қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

  • Товар чиқарилган жой номини ваколатли давлат органи рўйхатдан ўтказади.
  • Рўйхатга олиш асосида товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилади.
  • Рўйхатга олиш, гувоҳнома бериш, рўйхатга олишни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда рўйхатга олиш ва гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш тартиби ва шартлари қонун билан белгилаб қўйилади.

Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бу номни товарда, идиш ва ўровда, рекламада, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда ишлатиш ҳамда ушбу товарнинг фуқаролик муомаласига киритилиши муносабати билан жой номидан бошқача тарзда фойдаланишга ҳақлидир.

Товар чиқарилган жойнинг номи талабларга жавоб берадиган товарни белгилаш учун бир неча шахс томонидан ҳам биргаликда, ҳам бир-биридан мустақил тарзда рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи ана шу шахсларнинг ҳар бирига тегишлидир.

Ўзбекистон Республикасида унинг ҳудудидаги товарлар чиқарилган жойларнинг номлари ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Chat