Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12916 марта ўқилди

Ватандош картаси"га эга шахслар Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириши ва  чиқиши мумкинлиги белгиланди

«Ватандош» ким?

Ватандош — келиб чиқиши Ўзбекистон ҳудудидан бўлган ва хорижга чиқиб кетган, чет давлат фуқаролигини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини олган, шунингдек, этник, тил ва маданий-тарихий жиҳатдан ўзини ўзбек ёки қорақалпоқ деб билган шахслар ҳамда уларнинг авлодлари.

Бундай шахс Ўзбекистон билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга интилиши керак.

Гувоҳнома ва карта ўртасида қандай фарқ бор?

«Ватандош» гувоҳномаси — Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этган ватандошга миннатдорлик белгиси сифатида бериладиган ҳамда «Ватандош» картасини олиш учун асос бўладиган ҳужжат.

Гувоҳнома муддатсиз амал қилади.

«Ватандош» картаси — гувоҳнома асосида 5 йилга, бироқ миллий паспортнинг амал қилиш муддатидан ошмаган даврга бериладиган ID-карта.

Гувоҳнома ва карта Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун асос ҳисобланмайди ҳамда миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати билан бирга ҳақиқий ҳисобланади.

Кимларга гувоҳнома берилиши мумкин?

Гувоҳнома, жумладан:

  • Ўзбекистонда хорижий ёки қўшма корхона ташкил этган ёхуд инвестиция киритган;
  • иқтисодиёт, илм-фан, маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ёки ижтимоий соҳада юқори ютуқларга эришган;
  • Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижига ҳисса қўшган;
  • миллий маданий меросни сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилган;
  • Ўзбекистон манфаатлари йўлида хайрия ёки меценатлик фаолиятини амалга оширган;
  • Ўзбекистон билан бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган ватандошларга берилиши мумкин.

Гувоҳнома олиш учун шахсан ариза бериладими?

Гувоҳнома оддий ариза асосида берилмайди.

Номзод бўйича тегишли вазирлик ёки идора Комиссияга тавсиянома киритади. Шунингдек, қонунчиликда кўрсатилган давлат раҳбарлари, ҳокимлар ва «Ватандошлар» жамоат фонди раҳбари ташаббус кўрсатиши мумкин.

Комиссия тавсияномани 30 кун ичида кўриб чиқиб, гувоҳнома бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Гувоҳнома Комиссия қарори асосида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расмийлаштирилади.

«Ватандош» картаси қандай олинади?

Картани олиш учун Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментига ёки унинг ҳудудий бўлинмасига:

  • «Ватандош» гувоҳномаси;
  • миллий паспорт ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати тақдим этилади.

Биографик маълумотлар, бармоқ излари ва рақамли сурат олинади. Ҳужжатлар тўлиқ қабул қилингач, карта бир иш кунида расмийлаштирилади.

Карта бепул берилади. Картанинг амал қилиш даврида ватандошни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳам давлат божисиз амалга оширилади.

Карта қандай ҳуқуқларни беради?

«Ватандош» картаси эгаси:

  • Ўзбекистонга визасиз кириши ва мамлакатдан чиқиши;
  • кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқаролари учун белгиланган энг кам қиймат талабларисиз ҳамда яшаш гувоҳномасисиз мулк харид қилиши;
  • меҳнат фаолияти ҳуқуқини тасдиқловчи алоҳида ҳужжат олмасдан ишлаши;
  • Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Оила аъзоларига қандай имтиёзлар берилади?

Карта эгасининг ота-онаси, эри ёки хотини ҳамда вояга етмаган фарзандлари:

  • давлат божисиз кўп марталик виза олиши ва уни Ўзбекистондан чиқмасдан чекланмаган марта узайтириши;
  • Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиши;
  • турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишни давлат божисиз расмийлаштириши ва узайтириши мумкин.

Гувоҳнома ва карта қачон бекор қилинади?

Гувоҳнома ва карта:

  • ватандошнинг ўз илтимосига кўра;
  • ватандош оғир ёки ўта оғир жиноят учун ҳукм қилинганда;
  • инвестициялар жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан киритилгани аниқланганда;
  • ватандош вафот этганда;
  • гувоҳнома беришни ташаббус қилган ёки қонунчиликда кўрсатилган ваколатли орган ва мансабдор шахснинг тақдимномаси асосида бекор қилиниши мумкин.
Chat