Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19159 марта ўқилди

Болалар нафақаси кимларга тайинланади?

Болалар нафақаси Ижтимоий реестрга киритилган, энг кичик ёки ягона фарзанди 18 ёшга тўлмаган оилаларга тайинланади.

Болалар нафақаси — оиладаги 18 ёшга тўлмаган болалар сони ва ёшидан келиб чиқиб тайинланадиган ойлик ижтимоий тўлов.

Ижтимоий реестр — оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати баҳоланиб, уларни қўллаб-қувватлаш тоифалари белгиланадиган ягона ахборот тизими.

Оилани реестрга киритишда унинг даромадлари, мол-мулки, меҳнат қилиш имконияти, ижтимоий ҳолати ва қонунчиликда белгиланган бошқа мезонлар баҳоланади.

Нафақа қанча муддатга тайинланади?

Болалар нафақасини тўлаш муддати оиланинг Ижтимоий реестрдаги тоифасига боғлиқ:

  • «давлат таъминотидаги оила» ва «камбағал оила» тоифасидаги оилаларга — ушбу тоифадан чиққунига қадар;
  • «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасидаги оилаларга — тоифага ўтказилган ёки киритилган ойдан кейинги 6 ой давомида.

Нафақа оиланинг энг кичик ёки ягона боласи 18 ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.

Нафақа миқдори қандай аниқланади?

Болалар нафақасининг миқдори:

  • оиладаги болалар сони;
  • болаларнинг ёши;
  • оиланинг Ижтимоий реестрдаги тоифаси асосида белгиланади.

«Камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилада ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг:

  • 1 бараваридан 1,25 бараваригача бўлса — белгиланган нафақанинг 75 фоизи;
  • 1,25 бараваридан 1,5 бараваригача бўлса — белгиланган нафақанинг 50 фоизи миқдорида тўланади.

Эгизак болалар бўлганда уларнинг бири 3 ёшгача бўлган кичик бола, қолганлари эса навбатдаги болалар сифатида ҳисобланади.

Қандай мурожаат қилинади?

Болалар нафақасини тайинлаш учун:

  • Давлат хизматлари марказига;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходимга;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

Ҳар бир оила нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун бир ойда бир марта мурожаат қилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Тўлов қачон бошланади?

Болалар нафақаси ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўланади.

Нафақа тайинлангани ёки рад этилгани ҳақида аризада кўрсатилган телефон рақамига СМС-хабар юборилади.

Бир оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдамни бир вақтнинг ўзида тўлашга йўл қўйилмайди.

Chat