Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6239 марта ўқилди

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам: кимга ва қандай тартибда кўрсатилади?

Бу қандай юридик ёрдам?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам — жисмоний шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланган шартлар асосида тўлиқ ёки қисман давлат маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдамдир.

Бундай ёрдамни фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар кўрсатади.

Кам таъминланган шахслар қачон ёрдам олиши мумкин?

Кам таъминланган шахслар қуйидаги ҳолатларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга:

  • муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат қилганда;
  • фуқаролик ишларида даъвогар ёки жавобгар бўлганда;
  • маъмурий ишда аризачи бўлганда;
  • маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишида;
  • жиноят ишида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлганда;
  • маҳкум бўлганда.

Кам таъминланган бўлиш талаби қўйилмайдиган ҳолатлар ҳам борми?

Ҳа. Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бошқа шахслар ҳам алоҳида белгиланган.

Улар:

  • психиатрия ёрдами кўрсатилаётган руҳий ҳолати бузилган шахслар;
  • хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган шахслар;
  • Жиноят-процессуал кодексга мувофиқ жиноят ишида адвокатнинг иштироки мажбурий бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчилардир.

Шу сабабли давлат ҳисобидан адвокат олиш ҳуқуқи барча ҳолатларда ҳам фақат кам таъминланганликка боғлиқ эмас.

Ҳар қандай адвокат давлат ҳисобидан ёрдам кўрсатадими?

Йўқ. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат махсус реестрга киритилган адвокат томонидан кўрсатилади. Тегишли қарор ёки адвокат тайинлаш ҳақидаги ҳужжат «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олингач, адвокат тизим орқали танланади.

Эслатма: «давлат ҳисобидан юридик ёрдам» барча турдаги юридик масалалар учун автоматик равишда бепул адвокат берилади дегани эмас. Шахс қонунда белгиланган тоифалардан бирига ва тегишли иш турига мос келиши керак.

Chat