Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3745 марта ўқилди

Ҳаракатланаётган транспорт воситаларида йўловчиларга нималар тақиқланади?

Транспортга қаердан чиқиш ва тушиш керак?

Йўловчи транспорт воситасига фақат у тўлиқ тўхтагандан кейин чиқиши ва тушиши керак.

Қоида тариқасида, чиқиш ва тушиш тротуар ёки йўл ёқаси томондан амалга оширилади. Агар бунинг имкони бўлмаса, ҳаракат хавфсиз бўлган ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига халақит бермайдиган ҳолда қатнов қисми томондан чиқиш ёки тушиш мумкин.

Хавфсизлик камарини тақиш мажбурийми?

Ҳа. Хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган транспорт воситасида йўловчи ҳаракат бошланишидан олдин хавфсизлик камарини тақиши шарт.

Мотоцикл, электромотоцикл, мопед, скутер ва кичик ҳажмдаги мототранспорт воситасида ҳаракатланаётган йўловчи махсус мотошлем кийиши ва уни қадаб олиши керак.

Ҳаракат вақтида йўловчига нималар тақиқланади?

Йўловчига транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда:

  • ҳайдовчини бошқарувдан чалғитиш ёки унга халақит бериш;
  • бортли юк автомобилида тик туриш;
  • унинг бортида ёки бортдан баланд жойлашган юк устида ўтириш;
  • транспорт воситасининг эшикларини очиш;
  • салондан қўлдан ташқари тана қисмларини чиқариш тақиқланади.

Ушбу талабларга ким жавоб беради?

Йўловчи ўз мажбуриятларига риоя қилиши шарт. Шу билан бирга, Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, йўловчилар ушбу талабларни бажараётганини ҳайдовчи назорат қилиши керак.

Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни хавфсиз ташиш учун зарур шароит мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Эслатма: автомобиль ҳали ҳаракатланаётган бўлса, эшикни очиш ёки тушишга тайёрланиб эшикни ярим очиқ ҳолатга келтириш мумкин эмас. Чиқиш ва тушиш фақат транспорт воситаси тўлиқ тўхтагандан кейин амалга оширилади.

Chat