Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7420 марта ўқилди

Қайси рақамга қўнғироқ қилинади?

Тадбиркорлик субъектлари адлия органларининг махсус «Ишонч телефони»га бутун Ўзбекистон ҳудудидан 1008 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин. Қўнғироқ бепул.

Мурожаатлар душанба–жума кунлари, байрам кунларидан ташқари:

  • 09:00 дан 13:00 гача;
  • 14:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.

Қандай масалалар бўйича мурожаат қилиш мумкин?

Махсус ишонч телефони орқали тадбиркорлик фаолиятига доир, жумладан:

  • давлат органлари, назорат ёки лицензияловчи органлар ва бошқа ташкилотларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги;
  • давлат рўйхатидан ўтказиш ёки рухсат бериш тартиб-таомиллари ва муддатларига риоя этилмаслиги;
  • кредит ёки бошқа молиявий ресурслар беришни асоссиз рад этиш ёки чўзиб юбориш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсири;
  • тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқа масалалар бўйича ариза, таклиф ёки шикоят билдириш мумкин.

Қўнғироқ пайтида қандай маълумотлар керак?

Мурожаатни рўйхатга олиш учун мурожаат қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, тадбиркорлик субъектининг номи ва СТИРи, жавоб юбориладиган манзил, қайта боғланиш учун телефон рақами ҳамда мурожаатнинг мазмуни каби маълумотлар талаб этилади.

Зарур маълумотлар тақдим этилмаса, мурожаат белгиланган тартибда рўйхатга олинмаслиги ва кўриб чиқилмаслиги мумкин.

Мурожаат қанча вақтда кўриб чиқилади?

Таклифлар, қоида тариқасида, 1 ойгача кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятлар:

  • қўшимча ўрганиш ёки текшириш талаб қилинмаса — 15 кунгача;
  • қўшимча ўрганиш ёки текшириш зарур бўлса — 1 ойгача кўриб чиқилади.

Айрим ҳолларда кўриб чиқиш муддати белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда мурожаат қилувчи хабардор қилинади.

Эслатма: мурожаатни қабул қилиш ёки кўриб чиқиш асоссиз рад этилса, юқори турувчи адлия органига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Chat