Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5858 марта ўқилди

Тест синовларидан норози бўлган абитуриентлар апеллация аризаларини  қачондан бериши маълум бўлди

Апелляция бериш муддати

Тест синови натижасидан норози бўлган абитуриент якуний танлов натижалари эълон қилинган куннинг эртасидан бошлаб ўн кун ичида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция шикояти Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган Апелляция комиссиясига йўлланади.

Муҳим: апелляция муддати тест топширилган кундан ёки тест балли эълон қилинган кундан эмас, айнан якуний танлов натижалари эълон қилинган куннинг эртасидан ҳисобланади.

Белгиланган 10 кунлик муддат ўтказиб юборилса, апелляция бериш имконияти йўқолиши мумкин. Шунинг учун абитуриент якуний натижалар эълон қилинган санани шахсий кабинети ва Агентликнинг расмий ахборот каналлари орқали кузатиб бориши лозим.

Электрон шикоят бериш

Апелляция шикояти Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти ёки шахсий кабинет орқали электрон шаклда берилади.

Шикоятда абитуриентнинг шахсий маълумотлари ва натижадан норози экани кўрсатилади. Электрон ариза юборилгандан кейин унинг қабул қилинганини тасдиқловчи маълумотни сақлаб қўйиш тавсия этилади.

Апелляцияни кўриб чиқиш санаси, вақти ва жойи абитуриентга электрон хабарнома ёки шахсий кабинет орқали маълум қилинади.

Апелляцияда шахсан иштирок этиш

Апелляция берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда:

  • паспорт, ID-карта ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.

Апелляция шикояти фақат абитуриентнинг шахсий иштирокида ва унинг тест жараёнида жавоблар варақасида белгилаган жавоблари тўғрилигини асословчи ёзма баёни асосида кўриб чиқилади.

Тест материалларини ўрганиш

Апелляция кўрилаётганда абитуриентга:

  • жавоблар варақасининг нусхаси;
  • нотўғри бажарилган деб ҳисобланган топшириқлар бўйича жавоблар рўйхати;
  • тест синовида унга берилган тест топшириқлари китоби тақдим этилади.

Абитуриент ҳар бир баҳсли тест топшириғи бўйича ўз эътирозини ёзма равишда ва асослантирилган ҳолда баён қилади. Ёзма баён қабул қилиб олинган барча тест материаллари билан бирга Апелляция комиссиясига топширилади.

Агар абитуриентнинг эътирози ўз тасдиғини топмаса, комиссия тест натижасини ўзгаришсиз қолдиради ва шикоятни қаноатлантиришни рад этади.

Қарор ва кейинги шикоят

Абитуриент мурожаат қилганда унга Апелляция комиссияси қабул қилган қарордан кўчирма берилади.

Апелляция комиссиясининг қарорлари ҳақидаги маълумот апелляция жараёни тўлиқ тугаганидан кейин беш иш куни ичида Давлат комиссиясига тақдим этилади.

Абитуриент Апелляция комиссиясининг қарорига рози бўлмаса, унинг устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Chat