
Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари 12 баллдан иборат тизим асосида 12 ой давомида баҳоланади.
Жарима баллари:
Баллар асосий маъмурий жазога қўшимча равишда ҳисобланади. Яъни жарима балли қўлланилиши ҳайдовчини пул жаримаси ёки бошқа асосий жазодан озод қилмайди.
Транспорт воситаси бошқа шахсга берилгани ҳақидаги маълумот мулкдорнинг электрон кабинетига олдиндан киритилиб, ҳайдовчи томонидан тасдиқланган бўлса, жарима балли транспорт воситасини амалда бошқарган шахсга ҳисобланади.
Ҳайдовчи аниқланмаган бўлса, балл транспорт воситасининг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга мулкдорига ҳисобланади.
Муҳим: мулкдорда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса ва ҳайдовчи аниқланмаса, ушбу транспорт воситаси билан содир этилган қоидабузарликлар баллари 12 баллдан ошганда транспорт воситаси вақтинча ушланиб, жарима майдончасига жойлаштирилади.
Ҳисоблаш даври биринчи баллли қоидабузарлик содир этилган кундан бошланиб, кейинги йилнинг шу кунига қадар давом этади.
Агар шу даврда умумий баллар 12 баллдан ошмаса, тўпланган баллар кейинги даврга ўтказилмайди ва ҳисоблаш янгидан бошланади.
Баллар 12 баллдан ошганда, ҳужжатлар ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқиш учун судга юборилади.
Ҳайдовчи ўз балларини «E-jarimaball» модули, махсус мобил илова ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали текшириши мумкин.