Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11847 марта ўқилди

1. Кимлар ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга?

Умумий асосларда:

  • эркаклар 60 ёшга тўлганда ва камида 25 йил иш стажига эга бўлганда;
  • аёллар 55 ёшга тўлганда ва камида 20 йил иш стажига эга бўлганда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ёшга доир пенсия — шахс қонунда белгиланган ёшга етганда ва зарур иш стажига эга бўлганда тайинланадиган давлат пенсияси.

Қонунчиликда айрим касблар, меҳнат шароитлари ва фуқаролар тоифалари учун пенсия ёшини камайтириш ёки имтиёзли пенсия тайинлаш ҳолатлари ҳам белгиланган.

2. Иш стажи етарли бўлмаса пенсия тайинланадими?

Тўлиқ пенсия тайинлаш учун зарур иш стажи етарли бўлмаган, аммо камида 7 йил иш стажига эга шахсга мавжуд стажига мутаносиб равишда ёшга доир пенсия тайинланиши мумкин.

Бунда пенсия миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаслиги керак.

Тўлиқ бўлмаган иш стажи — тўлиқ пенсия олиш учун талаб этиладиган 20 ёки 25 йиллик стаждан кам, лекин камида 7 йил бўлган иш стажи.

Агар шахсда камида 7 йиллик зарур иш стажи ҳам бўлмаса, унга пенсия эмас, қонунчиликда белгиланган шартлар асосида ёшга доир нафақа тайинланиши мумкин.

3. Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш керакми?

2025 йил 1 мартдан фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшига етганида ёшга доир пенсия алоҳида ариза ва ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда проактив шаклда тайинланади.

Проактив пенсия — ваколатли органларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз тайинланадиган пенсия.

Пенсия жамғармаси ахборот тизими орқали:

  • фуқаронинг иш стажи;
  • иш ҳақи;
  • пенсияга устама олиш ҳуқуқи;
  • бошқа зарур электрон маълумотларни автоматик равишда текширади ва пенсия миқдорини ҳисоблайди.

Агар электрон маълумотлар тўлиқ бўлмаса ёки фуқаро тайинланган пенсия миқдорига норози бўлса, Пенсия жамғармаси бўлими, Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилиш мумкин.

4. Ёшга доир пенсия қандай ҳисобланади?

Пенсия миқдори:

  • пенсиянинг таянч миқдори;
  • белгиланган талабдан ортиқ иш стажи учун ошириш;
  • қонунчиликда назарда тутилган устамалардан таркиб топади.

Ёшга доир пенсиянинг таянч миқдори пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи миқдорида белгиланади.

Пенсияни ҳисоблаш учун охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги энг юқори иш ҳақига эга кетма-кет беш йил ахборот тизимидаги ёки фуқаро тақдим этган маълумотлар асосида автоматик равишда аниқланади.

Талаб этиладиган стаждан ортиқ ҳар бир тўлиқ иш йили учун ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида пенсия қўшилади.

5. Пенсия қачондан тайинланади?

Проактив тартибда ёшга доир пенсия фуқаро қонунда белгиланган пенсия ёшига етганидан кейин ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида тайинланади.

Фуқарога пенсия тайинланганлиги, унинг миқдори ва тўлов шакли ҳақида СМС-хабар ёки электрон хабарнома юборилади.

Ёшга доир пенсия, қоида тариқасида, умрбод тайинланади.

Фуқаро проактив тарзда тайинланган пенсиядан норози бўлса ёки ишлашни давом эттириб, пенсияга кейинроқ чиқмоқчи бўлса, хабарни олганидан кейин 10 кун ичида пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга.

6. Пенсия қандай тўланади?

Пенсия пенсионернинг танловига кўра:

  • нақд пул шаклида яшаш ёки турган жойига етказиб бериш;
  • банк картасига ўтказиш;
  • ижтимоий картага ўтказиш орқали тўланади.

Пенсионер бир вақтнинг ўзида пенсия тўловининг бир нечта шаклидан фойдаланиши мумкин.

Тўлов шаклини ўзгартириш учун Пенсия жамғармаси бўлимига, тижорат банкига ёки банкнинг мобил иловаси орқали мурожаат қилинади.

Chat