Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6951 марта ўқилди

ЙПХ ходимларини фото ва видео тасвирга тушириш ҳуқуқи сақлаб қолинди!

Маъмурий огоҳлантиришнинг шартлари

Маъмурий огоҳлантириш — ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан ҳуқуқбузарга қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни такрорламаслик ҳақида бериладиган ёзма ёки электрон расмий танбеҳ.

Огоҳлантириш қуйидаги шартлар бир вақтда мавжуд бўлганда қўлланилиши мумкин:

  • шахс содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган бўлса;
  • қилмишда Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса;
  • огоҳлантиришни ваколатли орган ёки мансабдор шахс қўлласа;
  • айни шахсга нисбатан маъмурий огоҳлантириш охирги бир йил ичида бир мартадан ортиқ қўлланилмаган бўлса.

Огоҳлантириш «биринчи марта қоида бузилса, жарима автоматик бекор қилинади» дегани эмас. Қонундаги шартларни ваколатли орган баҳолайди ва огоҳлантириш ёки тегишли жаримани қўллайди.

Огоҳлантириш қўлланилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар

  • Хавфсизлик камари ёки мотошлемдан фойдаланмаслик — 125-модданинг биринчи қисми: огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ жарима. Ҳозир 206 000 сўм, 2026 йил 1 сентябрдан 220 000 сўм.
  • Рўйхатдан ўтказилмаган, техник кўрикдан ўтмаган, фойдаланиш тақиқланган даражада носоз ёки мажбурий жиҳозларсиз транспортни бошқариш — 125-модданинг иккинчи қисми: огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ жарима.
  • Транспорт бошқариш вақтида телефондан қўл билан фойдаланиш — 128¹-модда: огоҳлантириш ёки 3 БҲМ жарима. Ҳозир 1 236 000 сўм, 2026 йил 1 сентябрдан 1 320 000 сўм. Қўлни ишлатмасдан мулоқот қилиш имконини берувчи гарнитура ва ускуналар бундан мустасно.
  • Ҳаракат вақтида теле- ёки видеодастур кўриш учун монитордан фойдаланиш — 128²-модда: огоҳлантириш ёки 1 БҲМ жарима. Ҳозир 412 000 сўм, 2026 йил 1 сентябрдан 440 000 сўм.
  • Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш — 128⁶-модда: огоҳлантириш ёки 2 БҲМ жарима. Ҳозир 824 000 сўм, 2026 йил 1 сентябрдан 880 000 сўм.
  • Мажбурий суғурта полисидаги фойдаланиш даври ёки ҳайдовчилар доирасига оид шартларни бузиш — 135¹-модда: огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ жарима.
  • Пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан қоидаларни бузиш — 138-модданинг биринчи қисми: огоҳлантириш ёки БҲМнинг учдан бир қисми миқдорида жарима.
  • Йўл қатнов қисмида ҳайдовчиларга хизмат таклиф қилиб туриш ёки йўлга ажратилган минтақа доирасида мол боқиш — 138-модданинг иккинчи қисми: огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ жарима.

Камера орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар муддати

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинса, жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Камера орқали қайд этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар Кодексда аниқ белгиланган. Йўл чизиқлари талабини бузиш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ва пиёда ёки йўловчига лой сачратиш каби 128-моддадаги айрим ҳолатлар автоматлаштирилган қайд доирасига кирмайди.

Chat