Бир давлат олий таълим ташкилотидан бошқасига ўқишни кўчириш талабанинг хоҳишига кўра исталган ҳолатда амалга оширилмайди.
Бунга асосан қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
— талаба турмуш қургани сабабли турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга кўчмоқчи бўлса;
— давлат органи ходимининг иш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилганда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсияси асосида кўчирилса.
Бунда биринчи навбатда мос ёки турдош таълим йўналиши мавжудлиги ҳисобга олинади.
Эслатма: бир давлат ОТМидан бошқасига кўчириш учун оддий «бошқа шаҳарда ўқишни хоҳлайман» деган сабабнинг ўзи етарли эмас. Низомда белгиланган асослардан бири мавжуд бўлиши керак.
Ўқишни кўчириш бўйича аризалар бир ўқув йилида икки марта қабул қилинади:
— кузги семестр олдидан — 15 июлдан 5 августгача;
— баҳорги семестр олдидан — 10 январдан 20 январгача.
Ариза Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли электрон платформаси ёки ЯИДХП орқали берилади.
Кузги семестр учун аризалар бўйича қарорлар 6–30 август, баҳорги семестр учун эса 21 январь–10 февраль кунлари қабул қилинади.
Баҳорги семестр олдидан бир ОТМдан бошқа ОТМга кўчириб тиклаш бўйича аризалар қабул қилинмайди.
Электрон аризага:
— ўқишни кўчириш учун асос бўлаётган ҳолатни тасдиқловчи ҳужжат;
— рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома ёки транскрипт нусхаси илова қилинади.
Ариза тегишли ОТМ, вазирлик ёки идора ёхуд зарур ҳолларда Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Талабани давлат гранти асосида кўчириш ёки қайта тиклаш учун қабул қилувчи ОТМда давлат гранти ўринлари доирасида бўш ўрин мавжуд бўлиши керак.
Бўш грант ўрни мавжуд бўлмаса, давлат гранти асосида кўчириш ёки қайта тиклашга рад жавоби берилиши мумкин.
Шу сабабли эски материалдаги «грантда ўқиган талаба мос йўналишга кўчса, гранти ҳар қандай ҳолатда сақланади» деган қатъий ифодани қолдириш тўғри эмас.
Кўчиришда ўқув режалари ўртасидаги фарқ ҳам ҳисобга олинади.
Рейтинг тизимида умумкасбий ва ихтисослик фанлари бўйича фарқ 4 тадан ошмаслиги, кредит тизимида эса тегишли фанлар бўйича GPA 2,4 ва ундан юқори бўлиши талаб қилинади.
Бу талаблар бажарилмаса, талабанинг аризасига кўра фанлар фарқи ва GPA ҳисобга олинган ҳолда ўқишни қуйи курс ёки семестрдан давом эттиришга рухсат берилиши мумкин.
Кредит тизимидаги фанлар фарқи белгиланган кредитлар миқдорига мувофиқ тўлов амалга оширилгандан кейин ўзлаштирилади. Академик таътилдан ўз вақтида қайтган талабага эса бундай фарқни бир марта бепул ўзлаштириш имконияти берилади.
Хорижий ва нодавлат ОТМлардан Ўзбекистон давлат ОТМларига кўчириш учун аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача:
— ЯИДХП;
— Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус платформаси;
— Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади.
Мос ва турдош бакалавриат йўналишига кўчиш истагида бўлган талабгор тегишли кириш фанларидан махсус синов — тест ёки касбий (ижодий) имтиҳон топширади.
Ўтиш балини олган талабанинг ўқиши базавий тўлов-контракт асосида кўчирилади. Ўтиш балидан паст, аммо белгиланган минимал баллдан юқори натижа олганларга қўшимча ёки табақалаштирилган контракт имконияти берилиши мумкин.
Хорижий ва нодавлат ОТМларнинг магистратура босқичидан давлат ОТМига ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.
Жумладан, қуйидаги ҳолатлар рад этишга асос бўлади:
— хориждаги аккредитацияга эга бўлмаган ОТМда ўқилган бўлса;
— қабул қилувчи ОТМда тегишли йўналиш ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
— биринчи курснинг биринчи семестрига кўчириш сўралса, қонундаги истиснолар бундан мустасно;
— грантда кўчириш учун бўш грант ўрни мавжуд бўлмаса;
— белгиланган контракт тўлови ўз вақтида амалга оширилмаса;
— шахсий йиғмажилд ёки академик ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаса.
Тўлов-контракт асосида ўқиши кўчирилган шахс белгиланган муддат ва миқдорда контракт тўловини амалга оширгандан кейин 10 кун ичида ректор ёки директор буйруғи билан талабалар сафига қабул қилинади.