Ҳодиса содир бўлганда бажариладиган ҳаракатлар
Йўл-транспорт ҳодисасига дахлдор ҳайдовчи:
- транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши;
- авария ишораларини ёқиши;
- авария сабабли тўхташ белгисини белгиланган масофада ўрнатиши;
- транспорт воситаси ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги;
- тан жароҳати олганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши;
- тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириши;
- ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига хабар бериши;
- гувоҳларнинг маълумотларини ёзиб олиши ва ходимлар келишини кутиши шарт.
Агар жабрланган шахсни шошилинч равишда тиббиёт муассасасига олиб бориш зарур бўлса, ҳайдовчи уни йўлакай транспортда жўнатиши ёки ўз транспорт воситасида олиб бориши мумкин. Бунда тиббиёт муассасасида ўз маълумотлари ва транспорт воситасининг давлат рақамини билдириб, кейин ҳодиса жойига қайтиши лозим.
Қатнов қисмини бўшатиш
Агар транспорт воситалари бошқа ҳаракат иштирокчиларига тўсқинлик қилаётган бўлса, уларни кўчиришдан олдин:
- транспорт воситаларининг ўзаро жойлашуви;
- йўл тузилмаларига нисбатан ҳолати;
- ҳодисага дахлдор буюмлар ва излар;
- транспорт воситаларининг шикастланган қисмлари
фото ёки видео орқали тўлиқ қайд этилиши керак. Шундан кейин қатнов қисми бўшатилади.
ЙТҲ хабарномасини мустақил расмийлаштириш
Ички ишлар органларини чақирмасдан ЙТҲ хабарномасини тузиш учун қуйидаги шартларнинг барчаси бир вақтда мавжуд бўлиши керак:
- ҳодиса фақат иккита транспорт воситаси тўқнашувидан иборат бўлиши;
- тан жароҳати, йўл иншоотлари ёки бошқа мол-мулкка зарар етмаган бўлиши;
- пиёда ҳодисада иштирок этмаган бўлиши;
- ҳайдовчилардан бири ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиши;
- иккала транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган бўлиши;
- ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари амал қилиши;
- ҳайдовчилар маст ҳолатда бўлмаслиги;
- зарар ва шикастлар бўйича тарафлар ўртасида келишмовчилик бўлмаслиги.
Хабарнома ҳодиса жойида дарҳол, икки нусхада тузилади. Ҳайдовчилар хабарнома тузилган вақтдан бошлаб 4 соат ичида мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиши, ҳужжатларни эса 3 иш куни ичида суғурталовчига тақдим этиши керак.
Ушбу шартлардан бирортаси мавжуд бўлмаса, ички ишлар органларига хабар бериш шарт. Акс ҳолда мустақил тузилган ЙТҲ хабарномаси ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.