
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасида тадбиркорлик субъектларининг божхона соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тавсиялар берувчи Апелляция кенгаши фаолият юритади.
Кенгаш тадбиркорларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқади, божхона қийматини белгилаш, божхона божлари бўйича имтиёзларни тўғри қўллаш ҳамда тадбиркор ва божхона органи ўртасидаги низолар бўйича тавсиявий хулосалар беради.
Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ғайриқонуний қарори, хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган жисмоний ва юридик шахс низоли масалани Апелляция кенгашида кўриб чиқишни сўраши мумкин.
Мурожаат тегишли божхона органига ёзма ёки электрон шаклда берилади. Божхона органи раҳбари ёки унинг ўринбосари мурожаат муаллифини хабардор қилган ҳолда уни 1 кун ичида Апелляция кенгашига юборади.
Мурожаат Апелляция кенгашига келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади.
Агар қўшимча ўрганиш, текшириш ёки қўшимча ҳужжатларни сўраш зарур бўлса, кўриб чиқиш муддати 1 ойгача бўлиши мумкин. Истисно ҳолларда қўшимча чоралар талаб этилса, Кенгаш раиси муддатни кўпи билан яна 1 ойга узайтириши мумкин ва бу ҳақда мурожаат этувчи дарҳол хабардор қилинади.
Мурожаат этувчи ёки унинг вакили Апелляция кенгаши мажлисига таклиф қилиниши мумкин.
Кенгаш қарори хулоса шаклида расмийлаштирилади. Хулоса 3 кун ичида божхона органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, манфаатдор тарафларга эса маълумот учун юборилади.
Эслатма: Апелляция кенгаши хулосаси тавсиявий хусусиятга эга. Божхона органи раҳбари уни инобатга олиши ёки ёзма асосланган ҳолда рад этиши мумкин. Қабул қилинган қарор ҳақида Кенгаш ва тарафлар 3 кун ичида хабардор қилинади.