Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 223 марта ўқилди
“Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–229-сон, 24.11.2025 й.) қабул қилинди. 

Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартга қадар:

► Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар амалга оширилади;

► Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия  тузилади. 

Махсус комиссияга қуйидаги ваколатлар берилади, жумладан:

▪️ табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш;

▪️ транспортлар ҳаракатини чеклаш;

▪️ атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхона ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш;

▪️ Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши мажбурий бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини белгилаш;

▪️ қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиш, шу жумладан қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиш.

Қурилиш учун ажратилган майдонлар комплекс текширувдан ўтказилади

Фармонга кўра, махсус комиссия Тошкент шаҳрида қурилиш учун ажратилган 500 м2 ва ундан ортиқ майдонларда қуйидаги талаблар асосида комплекс текширувни амалга оширади:

► умумий майдонининг 25 фоизи кўкаламзорлаштирилгани;

► сув пуркагичлар ўрнатилгани;

► кириш-чиқиш йўлакларида автотранспортлар ғилдиракларини ювиш ҳовузларининг барпо этилгани.

► қурилиш материаллари ва маиший чиқиндиларни ташишда транспортларнинг брезент ёки ПВХ қопламали материаллардан тайёрланган тент билан ёпилган тарзда ҳаракатланиши.

Шунингдек, майдони 1 000 квадрат метрдан кўп бўлган қурилиш участкаларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уни Экология қўмитасига интеграция қилиш қурилишни давом эттиришнинг энг асосий шарти этиб белгиланади.

Шахслар ўзлари эгалик қилиб турган ер майдони ҳудудидаги дов-дарахтларни суғориш мақсадида ичимлик сувидан фойдаланиш вақтига қўйилган чеклов (соат 00:00 дан бошлаб, 05-00 гача) баҳор ва ёз фаслларида бекор қилинади. Бунда:

► ичимлик сувидан бошқа мақсадларда фойдаланиш бўйича чеклов ўз кучида қолади;

► кўп квартирали уйларга суғориш учун сув резервуарларини ўрнатиш чоралари кўрилади.

Ҳаво тозалагичлар божхона божидан озод этилади

Фармонга кўра, атмосфера ҳавосининг PM 2.5 зарралари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш учун Атмосфера ҳавосини чуқур ўрганишга қаратилган махсус лаборатория ташкил қилинади.

2026 йил баҳор ҳамда куз мавсумларида Тошкент шаҳрининг 33 км узунлигидаги кичик ҳалқа йўли бўйлаб “Яшил коридор” лойиҳаси амалга оширилади.

2026 йил 1 апрелгача “Яшил Тошкент” мастер режаси ишлаб чиқилади.

Тошкент шаҳрининг барча туманларида “яшиллик” даражаси паст бўлган 3 тадан узунлиги 5 кмдан кам бўлмаган кўчаларни танлаб олиш орқали “Сояли сайр кўча”си ташкил қилинади.

Шунингдек, тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (ТИФ ТН код 8509 80) Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади.

Chat