Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси Судьялар олий мактаби негизида ташкил этилган.
У Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга махсус давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Академиянинг асосий вазифалари:
— судьялик лавозимига номзодларни касбий қайта тайёрлаш;
— судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш;
— магистратурада кадрлар тайёрлаш;
— одил судлов соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишдан иборат.
Судьяликка номзодларни танлашда Судьялар олий кенгаши талабгорнинг:
— бенуқсон обрўси;
— ҳалоллиги;
— судьялик касбига муносиблиги ва бошқа шахсий-касбий хусусиятларини ўрганади.
Танлов жараёнида:
— психологик тест;
— хорижий тил бўйича тест;
— суд ихтисослиги бўйича тест;
— ёзма имтиҳон;
— идоралараро комиссия билан якка тартибдаги суҳбат ўтказилиши назарда тутилган.
Касбий қайта тайёрлашда «назария — амалиёт — симуляция» тамойили қўлланилади.
Таълимда:
— «устоз-шогирд»;
— «бўлажак судьяни судья ўқитади»;
— дуал таълим;
— виртуал суд жараёнлари;
— замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш назарда тутилган.
Касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиётган тингловчиларга ўқиш даврида судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида ойлик стипендия тўланади.
Якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчига тегишли сертификат берилади ва у бўш судьялик лавозими учун танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эслатма: тингловчи дастурни ёки якуний аттестацияни муваффақиятли тугатмаса, шунингдек ўқишни тугатгандан кейин белгиланган муддатда — кўпи билан 3 йил ичида — бўш судьялик лавозимига ҳужжат топширмаса ёки таклиф этилган судьялик лавозимидан бош тортса, ўқиш даврида олган стипендиясини тўлиқ қайтариши талаб қилиниши мумкин.
Академияда магистратура дастурлари ҳам ташкил этилади.
Магистратурада ўқиш муддати 1 йил бўлиб, уни муваффақиятли тугатган битирувчига давлат намунасидаги диплом берилади.
Магистратурага қабул параметрлари Академия кенгашининг таклифи асосида Судьялар олий кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланади.