Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1308 марта ўқилди

Котибият нима?

Кенгаш котибияти — маҳаллий Кенгаш, унинг доимий комиссиялари ва депутатлари фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан таъминлайдиган тузилма.

Котибият ўз фаолиятини маҳаллий Кенгаш раиси ва Котибият мудири раҳбарлигида амалга оширади.

Котибиятнинг асосий вазифалари

Котибият:

  • Кенгаш сессиялари ва доимий комиссиялар мажлисларини тайёрлашга кўмаклашади;
  • қарор ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда келишишни ташкил этади;
  • Кенгаш қарорлари ижросини назорат қилади;
  • назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этишга кўмаклашади;
  • мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш учун материаллар тайёрлайди;
  • депутатларни ҳуқуқий ва ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлайди;
  • мурожаатлар ва ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этади;
  • Сенат қўмиталари ва Сенат девони бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.

Котибият мудири қандай тайинланади?

Котибият мудири:

  • маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан;
  • маҳаллий Кенгаш ваколати муддатига;
  • маҳаллий Кенгаш раиси томонидан тайинланади;
  • доимий асосда фаолият юритади.

Котибият мудири илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган иш билан шуғулланиши мумкин эмас.

Котибият мутахассислари қандай ишга қабул қилинади?

Котибият бош мутахассислари ва юрисконсульти:

  • Котибият мудири томонидан танланади ва суҳбатдан ўтказилади;
  • Котибият мудирининг тавсияси асосида;
  • маҳаллий Кенгаш раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Муносиб номзод билан меҳнат шартномаси тузилиб, у уч ойлик синов муддати билан ишга қабул қилиниши мумкин.

Котибият мудирининг ваколатлари

Котибият мудири:

  • Котибият фаолияти ва мутахассислар ишини ташкил этади;
  • сессияга киритиладиган ҳужжатлар сифатли тайёрланишини таъминлайди;
  • қарор лойиҳаларини келишиш жараёнини ташкил қилади;
  • қабул қилинган ҳужжатлар ижросини назорат қилади;
  • ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
  • иш юритишнинг белгиланган тартибда олиб борилишини таъминлайди;
  • ходимларни рағбатлантириш ёки уларга интизомий чора кўриш бўйича таклифлар киритади.

Котибият ходимларининг меҳнат муносабатлари

Котибият мутахассисларининг меҳнат муносабатлари маҳаллий Кенгаш ваколати муддатига боғлиқ эмас.

Котибият мудирининг фаолият муддати эса тегишли маҳаллий Кенгаш ваколати муддати билан боғлиқ.

Ишга қабул қилиш, лавозимдан озод этиш, рағбатлантириш, таътил, хизмат сафари ва интизомий чораларга оид масалалар маҳаллий Кенгаш раиси фармойиши асосида ҳал этилади.

Chat