Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6 марта ўқилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Андес ҳантавируси билан боғлиқ круиз кемасидаги касаллик тарқалишини кузатаётганини билдирди. 8 май ҳолатига кўра, саккизта касалланиш ва учта ўлим қайд этилган бўлиб, олти ҳолат лаборатория орқали тасдиқланган. Ташкилот касалликка оид саволларга жавоб берди.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Андес ҳантавируси (АНДВ) билан боғлиқ круиз кемасидаги касаллик тарқалиши юзасидан маълумот берди.

ЖССТ маълумотига кўра, 2026 йил 8 май ҳолатига саккизта касалланиш ҳолати ва учта ўлим қайд этилган. Олти ҳолатда Андес вируси инфекцияси лаборатория таҳлиллари орқали тасдиқланган. Ҳозирча ўлим кўрсаткичи 38 фоизни ташкил этмоқда.

Ташкилот айни пайтда зарарланган кема йўловчилари ва экипажи учун хавф даражасини «ўртача», дунё аҳолиси учун эса «паст» деб баҳолаган.

Ҳантавирус одамдан одамга юқиши мумкинми?

Андес вирусининг одамдан-одамга юқиши кам учрайдиган ҳолат, бироқ у аввалроқ узоқ муддат яқин алоқада бўлганлар орасида қайд этилган. Айни дамда касалликнинг ушбу авж олишидаги юқиш занжирларини яхшироқ тушуниш мақсадида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Одамлар одатда қандай йўл билан касалланади?

Ҳантавирус инфекцияси асосан касалланган кемирувчилар билан алоқада бўлиш ёки улар ифлослантирган муҳит билан алоқа қилиш орқали юқади. Касаллик кемирувчилар кўп бўлган жойларни тозалаш пайтида ёки улар яшайдиган ҳудудлардаги машғулотлар вақтида юқиши мумкин.

Касаллик белгилари қандай?

Дастлабки белгилар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

  • иситма;
  • бош оғриғи;
  • бош айланиши;
  • эт увишиши;
  • мушаклар оғриғи;
  • кўнгил айниши, қусиш ёки диарея.

Оғир ҳолатларда тўсатдан нафас сиқиши ривожланиши мумкин. Белгилар вирус юққанидан сўнг 1 ҳафтадан 6 ҳафтагача бўлган муддатда пайдо бўлиши мумкин.

Унга қарши вакцина ёки даво мавжудми?

Ҳозирги вақтда ҳантавирус инфекцияларига қарши лицензияланган даво усули ёки вакцина мавжуд эмас. Эрта босқичдаги қўллаб-қувватловчи тиббий парвариш ва жонлантириш бўлимида даволаниш имконияти омон қолиш эҳтимолини ошириши мумкин.

ЖССТ нималарни тавсия этмоқда?

ЖССТ қуйидагиларни тавсия қилади:

  • касалликка гумон қилинган ҳолатларни эрта аниқлаш ва беморларни изоляция қилиш;
  • бемор билан яқин мулоқотда бўлганларни кузатиш;
  • қўл гигиенаси ва респиратор одобига риоя қилиш;
  • аҳолини аниқ ва далилларга асосланган маълумотлар билан хабардор қилиб бориш;
  • соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция профилактикаси ва назорати чораларини кучайтириш.

ЖССТ беморлар билан алоқада бўлганларни кузатиш, лаборатория синовлари, эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш ва жамоат саломатлигини сақлашга доир чора-тадбирлар бўйича мамлакатлар ҳамда ҳамкорлар билан ишларни мувофиқлаштирмоқда.

Контекст

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 май куни Атлантика океанидаги круиз лайнер бортида ҳантавирус билан боғлиқ етти ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берди.

Касаллик тарқалган «Ҳондиус» номли круиз лайнери 1 апрел куни Аргентина жанубидаги Ушуая шаҳридан чиққан ва Кабо-Верде томон ҳаракатланган. Бортда экипаж аъзолари билан биргаликда 150 нафарга яқин киши бўлган. Круиз қатнашчилари Антарктидада ҳамда Жанубий Атлантикада ўз ёввойи табиати билан машҳур бўлган оролда бўлишган.

6 апрел куни лайнер йўловчиларидан бири, Нидерландия фуқаросида иситма, бош оғриғи ва енгил диарея аломатлари пайдо бўлган. 11 апрел кунигача унда нафас етишмовчилиги ривожланган ва у ўша куниёқ вафот этган. 24 апрел куни унинг жасади кемадан Атлантика океанидаги Авлиё Елена оролига етказилган.

Унинг рафиқаси, Нидерландия фуқароси бўлган аёл ҳам жасадни ватанига қайтариш жараёнида ҳамроҳлик қилиш учун соҳилга тушган. 25 апрел куни Жанубий Африка Республикасига парвоз вақтида унинг аҳволи ёмонлашган, 26 апрел куни у ҳам Йоханнесбургдаги шифохонада вафот этган.

24 апрел куни «Ҳондиус»даги шифокорга Буюк Британия фуқароси бўлган яна бир йўловчи мурожаат қилган. Унда иситма ва нафас қисиши кузатилган. Уни ҳам Йоханнесбургга эвакуация қилишган ва интенсив терапия бўлимига ётқизишган. 4 май кунига келиб лаборатория текширувлари у ҳам ҳантавирус вариантларидан бирини юқтириб олганини тасдиқлади. Худди шу вирус вафот этган нидерландиялик аёлдан ҳам чиққан. Унинг вафот этган турмуш ўртоғида эса ҳозирча ҳантавирус тасдиқланмаган.

Шу билан бирга, лайнерда яна бир ўлим ҳолати рўй берган — 2 май куни Германиядан бўлган йўловчи аёл вафот этган, унинг ҳам иситмаси кўтарилиб кетганди. ЖССТ маълумотларига кўра, у билан мулоқотда бўлган шахс ва экипажнинг икки аъзосида нафас олиш ва ошқозон-ичак симптомлари аниқланган. Улар айнан ҳантавирусдан зарарлангани ва касалликни уларга германиялик аёл юқтиргани ҳозирча тасдиқланмаган. «Ҳондиус»нинг бошқа йўловчиларида ҳантавирусга хос аломатлар қайд этилмаган.

Ҳозирда круиз лайнерига бирон портга киришига рухсат берилмаяпти.

Chat