Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22 марта ўқилди

Суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди

“Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–1152-сон, 11.06.2026 й.) қабул қилинди.

Ушбу Қонуннинг мақсади суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга кўра, давлат ва нодавлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга эга, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича тайёргарликдан ўтган ҳамда суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага (сертификатга) эга Ўзбекистон фуқароси эгаллаши мумкин.

Суд экспертларининг давлат реестри Адлия вазирлиги томонидан юритилади.

Суд-экспертлик фаолиятининг ташкилий шакллари қуйидагилар:

▪️ давлат суд-экспертиза муассасаси;
▪️ нодавлат суд-экспертиза ташкилоти;
▪️ суд-экспертлик бюроси;
▪️ ўз фаолиятининг йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим ташкилотлари;
▪️ суд эксперти сифатида иштирок этадиган бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс.

☑️ Ўзбекистон суд экспертлари палатаси (Палата) суд экспертларининг аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилотдир.

Суд экспертизасини ўтказиш тартиби ва муддатлари

Қонунга кўра, суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) тадқиқотларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур тадқиқот объектларини ҳамда иш материалларини тақдим этади.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) тадқиқот учун намуналар олади ва уларни процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда ишга қўшиб қўяди.

Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари 30 календарь кундан иборатдир.

Суд экспертизасини 30 кун мобайнида ўтказиш имкони бўлмаганда, экспертиза тайинлаган органга (шахсга) муддат тугашига 3 иш куни қолгунига қадар бу хабар қилинади ва мазкур орган (шахс) билан келишилган муддатгача узайтирилиши мумкин.

Суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси тадқиқотларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча суд эксперти ёхуд суд экспертлари комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир суд эксперти имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Chat