Ариза қачон берилиши керак?
ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги ариза таъсис съезди, конференция ёки умумий йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 2 ой ичида рўйхатдан ўтказувчи адлия органига берилади.
Жамоат бирлашмалари учун ариза бериш муддати 1 ой.
Эслатма: белгиланган муддатдан кеч ҳужжат топшириш давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиши мумкин.
Асосий ҳужжатлар нималар?
Аризага, асосан:
- давлат тилидаги устав, юридик шахс ҳисобланган алоҳида бўлинма учун эса низом — 2 нусхада;
- уюшма ёки иттифоқ учун таъсис шартномаси;
- ННТни ташкил этиш ҳақидаги таъсис съезди, конференция ёки умумий йиғилиш баённомаси ёхуд таъсисчининг қарори;
- ННТ почта манзили сифатида фойдаланадиган кўчмас мулкка бўлган мулк ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
- ННТ ташаббускорлари ёки таъсисчилари ҳақидаги маълумотлар илова қилинади.
Қачон қўшимча ҳужжатлар талаб қилинади?
ННТнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб қўшимча ҳужжатлар ҳам талаб этилади.
Жумладан:
- касаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари учун ташаббускор фуқаролар рўйхати;
- жамоат фондлари учун дастлабки маблағлар шаклланганини тасдиқловчи банк ҳужжати;
- васиятнома асосида ташкил этилаётган жамоат фонди учун нотариал тасдиқланган васиятнома нусхаси;
- қайта ташкил этиш натижасида тузилаётган ННТ учун қонунчиликда назарда тутилган қўшимча ҳужжатлар тақдим этилади.
Давлат божи қанча?
Давлат рўйхатидан ўтказиш учун:
- халқаро ННТ, шунингдек халқаро ва чет эл ННТ ваколатхоналари ва филиаллари учун — 12,5 БҲМ;
- республика ННТ учун — 3 БҲМ;
- ҳудудий ННТ учун — БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун тегишли бирламчи давлат божи суммасининг 50 фоизи тўланади.