Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15987 марта ўқилди

Вояга етмаган болалар хусусий мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.

Вояга етмаган болаларнинг ҳадя, мерос тариқасида олган мол-мулки, шунингдек шахсий меҳнати ва тадбиркорлик фаолияти натижасида орттирган мол-мулки уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.         

Вояга етмаганларнинг тадбиркорлик фаолиятига қўшган маблағи ва ундан орттирган даромади, агар бола билан ота-она ёки оиланинг бошқа аъзолари ўртасида бошқача тартибни белгиловчи шартнома бўлмаса, вояга етмаганларнинг хусусий мулки ҳисобланади.


Вояга етмаганларнинг шахсий фойдаланишидаги буюмлари (кийим-кечак, пойабзал, ишлаб чиқариш қуроллари, ўқув анжомлари ва бошқалар) уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда мулкидан маҳрум этилиши мумкин

Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйиш

Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.

Агар қонунга асосан шахсга тегишли бўла олмайдиган мол-мулк унинг мулки бўлиб қолса, ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниб, олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати шахсга тўланади.

Национализация

Фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат.

Мазкур мол-мулк кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, агар қонунларда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, собиқ мулкдорлар ушбу мол-мулкнинг қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Реквизиция

Табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар юз берган тақдирда ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ мулкдордан унга мол-мулкнинг қийматини тўлаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкин.

Реквизиция ўтказилишига сабаб бўлган вазиятларнинг амал қилиши тўхтаганидан кейин реквизиция қилинган мол-мулкнинг собиқ эгаси сақланиб қолган мол-мулкни ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Мусодара

Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин.

Chat