Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12414 марта ўқилди

Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилиши устидан назорат
  • Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилиши устидан назорат васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ёхуд васийларнинг ёки ҳомийларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.
  • Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар васийнинг ёки ҳомийнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тегишли васийлик ва ҳомийлик органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.
  • Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилганлиги тўғрисида, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида ўзига маълум бўлиб қолган шахслар бу ҳақда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ҳақиқатда турган жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт. Бундай маълумотларни олган васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир зарур чоралар кўриши шарт.

Васий ва ҳомийнинг ҳисоботи

Васий ва ҳомий ўз мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили ўнинчи январгача васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этади.

Васий ёки ҳомийнинг ҳисоботида қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

  • васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга тегишли бўлган ва сақлаш учун топширилган мол-мулкнинг сақланаётган жойи ва унинг ҳолати ҳақидаги маълумотлар;
  • васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан васийлик ёки ҳомийликдаги шахсга тегишли мол-мулкнинг бегоналаштирилиши ҳақидаги маълумотлар (шундай ҳолатлар мавжуд бўлса);
  • мол-мулк, шу жумладан бегоналаштирилган мол-мулк эвазига сотиб олинган мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар;
  • йил давомида васийлик ёки ҳомийликдаги шахс томонидан олинган даромад тўғрисида, даромад манбаи, вақти ва миқдори кўрсатилган маълумотлар;
  • олинган даромадлар ҳисобига васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг эҳтиёжлари учун сарфланган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг мол-мулки ҳисобидан қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотлар;
  • васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсни тарбиялаш, унга таълим бериш, соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотлар.

  • Туман, шаҳар ҳокимининг васийликни ёки ҳомийликни белгилаш ва тугатиш, васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш тўғрисидаги, васийлик ва ҳомийлик органларининг дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги қарорлари устидан манфаатдор шахслар томонидан судга шикоят қилиниши мумкин.
  • Васий ва ҳомийнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс, давлат органлари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг яшаш жойидаги фуқаролар томонидан тегишли васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Chat