Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 130954 марта ўқилди

Оилавий поликлиника ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами

Оилавий поликлиника аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилган ҳудудларда бундай ёрдам оилавий поликлиника ва унинг филиаллари орқали ташкил этилади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами нималарни қамраб олади?

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами, жумладан:

  • касалликларни профилактика қилиш ва эрта аниқлаш;
  • ташхис қўйиш ва даволаш;
  • профилактик тиббий кўриклар ва скрининглар;
  • миллий эмлаш календари асосида профилактик эмлаш;
  • ҳомиладорликни кузатиш;
  • тиббий реабилитация ва паллиатив ёрдам;
  • соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
  • санитария-гигиена ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни қамраб олади. Зарур тиббий хизматлар муассасанинг ўзида, беморнинг ҳолати талаб қилганда эса унинг яшаш жойида ҳам кўрсатилиши мумкин.

Тиббиёт бригадаси қандай ишлайди?

Тиббиёт бригадаси таркибига оилавий шифокор, амалиётчи ҳамшира ва оила ҳамширалари киради.

Аҳолини тиббиёт бригадасига бириктириш бирламчи тиббий ёрдам олиш учун асос ҳисобланади. Фуқаро доимий ёки вақтинча яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойи бўйича тиббиёт бригадасига бириктирилиши мумкин. Бир шахс бир вақтнинг ўзида фақат битта тиббиёт бригадасига бириктирилади.

Оилавий шифокорни танлаш мумкинми?

Соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилган ҳудудларда аҳоли белгиланган тартибда:

  • оилавий поликлиникани;
  • тиббиёт бригадасини;
  • оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқига эга.

Агар беморга бирламчи бўғин имкониятларидан ташқари тиббий ёрдам керак бўлса, оилавий шифокор уни тор соҳа мутахассисига ёки кейинги босқичдаги тиббиёт ташкилотига йўналтиради.

Шошилинч ҳолатда нима қилиш керак?

Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам учун режали даволанишга мўлжалланган йўлланма тартиби қўлланилмайди. Бундай ҳолатда беморга зарур тиббий ёрдам кечиктирмасдан кўрсатилиши лозим.

Chat