Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37954 марта ўқилди

Меросга бўлган ҳуқуқ

Меросхўр мерос очилган пайтдан бошлаб ўзига тегиши лозим бўлган мерос ёки унинг улушини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган жойдаги нотариус томонидан меросхўрнинг мурожаати асосида берилади.

Гувоҳнома, қоида тариқасида, мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтгач берилади. Нотариус мурожаат қилган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги ҳақида етарли маълумотга эга бўлса, гувоҳнома олти ой тугамасидан олдин ҳам берилиши мумкин.

Тақдим этиладиган маълумот ва ҳужжатлар

Нотариус қуйидагиларни текширади:

  • мерос қолдирувчининг вафот этгани;
  • мероснинг очилиш вақти ва жойи;
  • васиятнома мавжудлиги;
  • меросхўрларнинг қариндошлик муносабатлари;
  • мерос мол-мулкининг таркиби ва жойлашган жойи;
  • мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга шахслар мавжудлиги.

Меросхўр шахсини тасдиқловчи ҳужжат, қариндошлик ёки васиятномага асосланган ҳуқуқини ва мерос мол-мулкини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни тақдим этади.

Муҳим! Давлат ахборот тизимларида мавжуд маълумот ва ҳужжатларни фуқародан такроран талаб қилишга йўл қўйилмайди. Нотариус уларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олади.

Меросдан воз кечиш

Меросхўр мерос очилган кундан бошлаб исталган вақтда нотариусга ариза бериш орқали меросдан воз кечиши мумкин.

Вакил орқали воз кечишга ишончномада бундай ваколат махсус кўрсатилган бўлса йўл қўйилади.

Мероснинг муайян қисмидан, шарт ёки изоҳ билан воз кечиб бўлмайди.

Эътибор беринг! Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.

Мерос меросхўрлар келишуви бўйича уларнинг улушларига мувофиқ тақсимланади. Келишув бўлмаса, масала судда ҳал қилинади.

Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 1145–1155-моддалари ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан белгиланган.

Chat