Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 236375 марта ўқилди

Никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Ариза бериш ва никоҳни қайд этиш муддати

Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар ФҲДЁ органига белгиланган шаклда ёзма ёки электрон ариза беради. Никоҳ, одатда, ариза берилган кундан кейин бир ой ўтгач, никоҳланувчиларнинг ўзаро розилиги асосида қайд этилади.

Узрли сабаблар мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи мудири никоҳланувчиларнинг илтимосига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин. Ҳомиладорлик, бола туғилиши, тарафлардан бирининг касаллиги каби алоҳида ҳолатларда никоҳ ариза берилган куни ҳам қайд этилиши мумкин.

Никоҳланувчиларнинг биргаликдаги аризаси ёки етарли асослар мавжуд бўлганда ФҲДЁ органининг ташаббуси билан қайд этиш муддати уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Никоҳ ёши

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган.

Ҳомиладорлик, бола туғилиши ёки эмансипация каби узрли сабаблар мавжуд бўлганда туман ёки шаҳар ҳокими никоҳ ёшини никоҳланувчиларнинг илтимосига кўра кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Муҳим: никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёки уйлантириш, у билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш ёхуд диний никоҳ маросимини ўтказиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Тиббий кўрик

Никоҳни қайд этиш ҳақидаги ариза асосида тиббий кўрикка йўлланма тиббиёт муассасасининг ахборот тизимига электрон шаклда автоматик юборилади. Талаб қилинганда йўлланма қоғоз шаклида ҳам берилиши мумкин.

Эллик ёшгача бўлган никоҳланувчилар ОИВ-инфекцияси бўйича мажбурий тиббий текширувдан ўтади. Қонунчиликда белгиланган айрим ҳолларда тиббий кўрик шахсларнинг розилиги асосида амалга оширилади.

Никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар

Қуйидаги шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:

  • лоақал биттаси бошқа қайд этилган никоҳда турган шахслар;
  • тўғри туташган қариндошлар, туғишган ва ўгай ака-ука ҳамда опа-сингиллар;
  • фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинган шахслар;
  • лоақал биттаси руҳий ҳолати сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар.

Никоҳланувчиларнинг шахсий иштироки

Никоҳ, қоида тариқасида, никоҳланувчиларнинг шахсий иштирокида қайд этилади. Ишончнома ёки вакил орқали никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.

Бироқ Ўзбекистон фуқаролари бўлган никоҳланувчиларнинг илтимосига кўра қуйидаги ҳолларда уларнинг иштироки видеоконференцалоқа режимида таъминланиши мумкин:

  • никоҳланувчилардан бири ёки ҳар иккаласи жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган бўлса;
  • никоҳланувчиларнинг оталиги белгиланган ўзаро фарзанди бўлса.

Бунда шахс Face-ID орқали тасдиқланади.

Муҳим: никоҳ фақат икки тарафнинг эркин ва ўзаро розилиги мавжуд бўлгандагина тузилади. Никоҳга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Chat