Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6118 марта ўқилди

Қуйидаги йўловчилар учун автобус салонида 6 та олдинги жой ажратилиши лозим:
  • мактабгача ёшдаги болали йўловчиларга;
  • ҳомиладор аёлларга;
  • ногиронлар ва кекса йўловчиларга.

Ушбу жойларни эгаллаган йўловчилар юқорида кўрсатилган йўловчиларга бўшатишлари керак.

Болаларни ташиш:
  • болаларни автобусларда ташиш куннинг ёруғ пайтида, яқин масофани ёритадиган чироқлар ёқилган ҳолда амалга оширилиши керак;
  • ҳаракат тезлиги йўл ва бошқа шароитларга кўра, ҳайдовчи томонидан танланади. Бунда ҳаракат тезлиги соатига 60 кмдан ошмаслиги керак;
  • мактаб ёшигача бўлган болаларни шаҳарлараро саёҳат-экскурсияларга олиб бориш тақиқланади.

Унутиб қолдирилган буюмларни топшириш:
  • қатнов тугаши билан ҳайдовчи автобусда унутиб қолдирган буюмларни автовокзал навбатчисига ёки ташувчининг навбатчи диспетчерига топшириши шарт;
  • агар навбатчи (диспетчер) бўлмаса, буюмлар топилмалар идорасига топширилади.

Автобусда бепул олиб юрилиши мумкин бўлган юклар
  • ҳажми 60 см х 40 см х 20 см ва оғирлиги 20 кгдан ортиқ бўлмаган қўл юки ва мусиқа асбоби;
  • 150 смгача узунликдаги буюмлар;
  • қафасга солинган майда ҳайвонлар ва паррандалар;
  • болалар, ногиронлар аравачалари;
  • майда боғдорчилик инвентари;
  • болалар чаналари.

Ҳажми 60 см х 40 см х 20 смдан ортиқ ва узунлиги 150 смдан 200 смгача бўлган буюмлар, шунингдек, оғирлиги 20 кг.дан ортиқ бўлган юк учун ҳақ тўланиши лозим.

Йўловчининг ўз болаларини транспортда олиб юриш
  • 5 ёшгача бўлган 1 та бола бепул – алоҳида ўринсиз;
  • 5 дан 10 ёшгача бола учун чипта баҳосининг 50 фоизи тўланибалоҳида ўрин ажратган ҳолда;
  • 10 ёшгача бўлган 2 та ва ундан кўп болалардан биттаси бепул, қолганлари учун – чиптанинг 50 фоизи тўланиб, алоҳида ўрин берилган ҳолда.

Шаҳарлараро (халқаро) йўналишларда йўловчи ташиш
  • шаҳарлараро йўловчи ташишда йўловчилар сони ўриндиқлар сонидан ошмаслиги керак;
  • ҳайдовчининг иш вақти давомийлиги 9 соатдан ортиқ ёки йўналиш масофаси 400 км ва ундан кўп бўлганда, автобус ҳайдовчиси дам олиши учун алоҳида жой бўлиши ва қатновга 2 нафар ҳайдовчи чиқарилиши керак;
  • шаҳарлараро ва халқаро автобус йўналишларида йўловчилар мажбурий равишда суғурта қилинади.

Йўловчи шаҳарлараро (халқаро) йўналишларда қўл юкини олиб юриш
  • оғирлиги 30 кгдан ортиқ бўлмаган қўл юки, қафасга солинган майда ҳайвон ва паррандалар ёки бир жуфт чанғисини – бепул;
  • багаж бўлими мавжуд бўлмаган автобусларда оғирлиги 60 кгдан кўп бўлмаган юкни – битта жой учун тариф бўйича ҳақ тўлаган ҳолда;
  • багаж бўлими мавжуд бўлган автобусларда оғирлиги 60 кгдан кўп бўлмаган юк ва 200 смгача узунликдаги буюмларни – 2 та жой учун ҳақ тўлаган ҳолда.

Йўналишсиз таксида йўловчи ва юк ташиш
  • йўналишсиз таксиларнинг йўловчи ва юк ташиш тарифлари миқдори ташувчи томонидан белгиланади;
  • йўл ҳақи сафар тугаганидан ва багаж туширилгандан кейин таксометр кўрсаткичи бўйича тўланади;
  • ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб нақд пул, терминал орқали ёхуд электрон тўлов воситаси ёрдамида амалга оширилади;
  • такси бир неча йўловчилар томонидан ёллаганда, йўл ҳақи ҳар бир йўловчининг босиб ўтган масофасига мутаносиб равишда йўловчилар ўртасида тақсимланади;
  • таксига олдиндан буюртма берилганда, ҳайдовчи нарядда кўрсатилган вақтда келиши шарт.

Chat