Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 24634 марта ўқилди

Баркамол авлод” марказлари кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг хусусияти, ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларига кўра уларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга қаратилган техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишларини ўз ичига олган ҳолда фаолият кўрсатади.

Марказ 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга уларнинг ҳар томонлама камол топишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кенг имкониятлар яратади.

Марказ алоҳида бинода ёки умумтаълим мактаблари биноларининг алоҳида ўқув блокларида алоҳида кириш жойи билан таъминланган ва мактабдаги ўқиш жараёнига халақит бермайдиган ҳолда ташкил қилинади ҳамда мустақил равишда фаолият кўрсатади.

Марказда техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишларидаги тўгараклар ташкил этилади. Марказда ўқиш истагини билдирган болалар уларнинг ота-оналари билан тузилган шартномага асосан қабул қилинади.

Таълим жараёни

Тўгарак машғулотлари ўқув дастурлари талабларига кўра бутун ўқув йили учун ҳамда қисқароқ муддатларга ҳам ташкил этилади.

Тўгарак машғулотлари ўқув йилининг 15 сентябридан бошланиб 25 майда якунланади. Ёзги таътил кунлари учун алоҳида мавсумий режалар тузилади.

Марказнинг тўгарак машғулотлари жадвали тўгарак аъзолари учун қулай тартибда, уларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ва санитария-гигиена нормалари инобатга олинган ҳолда педагогик ходимларнинг тақдимномасига кўра маъмурият томонидан тузилади ва тасдиқланади.

Марказда тўгарак машғулотларининг ташкил этилиши учун ҳафтада 6 академик соат ажратилади. 6 ёшли болалар учун олиб бориладиган тўгарак машғулотлари вақти 35 дақиқа этиб белгиланади ва у ҳафтада 2 академик соатдан ошмаслиги лозим.

Марказда ҳар бир гуруҳдаги тўгарак аъзоларининг сони биринчи ўқув йилида 10 нафардан, иккинчи ва ундан кейинги ўқув йилларида эса 8 нафардан кам бўлмаслиги лозим.

Тўгараклар ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, махсус ўқув дастурлари асосида биринчи ва иккинчи ўқув йилларидан кейинги ўқув йиллари учун ҳам ташкил этилиши мумкин.

Марказ томонидан ўқувчиларга қўшимча таълим олганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Тўловлар

«Баркамол авлод» болалар марказларида ўқиганлик учун ота-оналардан олинадиган тўловлар ойига энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳарларида — 5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида — 2,5 фоиз;
  • вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида — 10 фоиз;
  • республиканинг қолган туман (шаҳар)ларида — 5 фоиз;

Тўлов икки ҳафта мобайнида белгиланган миқдорда ва узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда, боланинг ўқиши тўхтатилади, агар тўлов бўйича қарздорлик ушбу қарздорлик юзага келган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида тўланган бўлса, боланинг ўқиши қайта тикланади.

Тўлов бўйича қарздорлик у юзага келган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида қопланмаса, бола таълим олувчилар сафидан чиқарилади.

Бу ҳолда боланинг «Баркамол авлод» болалар марказида ўқишини қайта тиклаш янги тузиладиган шартномага асосан амалга оширилади.

Тўловдан озод қилиш

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ва ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига олинган ўқувчилар марказга тўловдан озод қилинади.

Бундан ташқари, «Баркамол авлод» болалар марказларида таълим олувчиларнинг тегишли контингенти умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оила болалари тўловдан озод қилинади.

Бунда, биринчи навбатда ота-онаси (биттаси ёки иккаласи) I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оила болалари, шунингдек ҳар бир оила аъзоси учун ҳисоблаганда ўртача ойлик даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила болалари тўловдан озод қилинади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оиланинг кам таъминланганлиги тўғрисида «Баркамол авлод» болалар марказига тақдим этилган маълумотнома болани тўловдан озод қилиш учун асос бўлади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати марказ раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.

Ушбу рўйхатга кирмаган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари захира ҳисобга киритилиб, тегишли ўрин бўшашига қараб тўловдан озод этилади.

Chat