Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23406 марта ўқилди

Ҳужжатларни тан олиш қуйидаги органлар томонидан амалга оширилади:

  • умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш — Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун қуйидаги миқдорда йиғим ундирилади
  • ўрта махсус ва касб-ҳунар (профессионал) таълими бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари;
  • олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари;

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган йиғимнинг 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади;


Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда йиғим давлат хизматини кўрсатганлик учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

Қуйидагиларнинг ҳужжатлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олинади
  • хорижий давлатларда умумий ўрта, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълими олган талабгорларнинг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) ва қўшма таълим муассасалари фаолият юритаётган хорижий таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • тизимида олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг йўлланмалари асосида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари — ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
  • Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари, рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
  • хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари

Ҳужжатларни тан олиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг сканер қилиниб, pdf форматида сақланган нусхаси;
  • хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган ҳамда сканер қилиниб, рdf форматида сақланган нусхаси.

Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилинганда талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг асл нусхаси Ўзбекистон Республикаси давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси билан бирга давлат хизматлари маркази ходимига тақдим этилади.

  • хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ва ушбу муассаса томонидан берилган ҳужжатнинг ўша давлат томонидан тан олинган бўлиши;

  • хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат беришга асос бўлган таълим стандартларининг ёки таълим дастурларининг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган давлат таълим стандартлари ва таълим дастурларига мувофиқлиги;

  • Ўзбекистон Республикаси ва хорижий таълим тўғрисида ҳужжатни берган давлатнинг таълим тизимига қўйилган умумий талабларнинг мослиги.

Хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш қуйидаги ҳолларда рад этилади

а) хорижий давлатларда касбий маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ умумий ўрта ёки ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан 2 йилдан кам бўлса;

б) хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидагига қараганда таълим олиш ва (ёки) касбий фаолият билан шуғулланиш учун кам ҳуқуқлар берилган бўлса (ҳужжат эгаси таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириш, касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаса);

в) маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса;

г) олий таълим босқичларида:

  •  бакалавриат бўйича ўқиш муддати 3 йилдан кам бўлса ёки Европа таълим тизими асосида ўқиш давомида 240 дан кам кредит тўплаган бўлса;    
  • магистратура бўйича ўқиш муддати 1 йилдан кам бўлса;
  • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари қўшиб ўқитиладиган таълим дастурлари бўйича таълим олганда умумий ўқиш даври 3 йилдан кам бўлса;

д) тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олинадиган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар кўрсатилган талабларга тўғри келмаса.

Махсус синовлар ўтказиш

Ижобий хулоса берилган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари тан олиш учун топширилган талабгорлар учун Давлат инспекцияси томонидан тест синовлари ташкил этилади (хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олинадиган ҳолатлар бундан мустасно).

Тест синовларининг ўтказилиш вақтлари ҳақидаги маълумот синовлар бошланишидан камида 10 кун олдин Давлат инспекциясининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Талабгор веб-сайтига жойлаштирилган пайтдан бошлаб кўпи билан 6 ой давомида тест синовларида иштирок этмаса, тест синовларини топшириш учун сўровнома тўлдирган ҳолда белгиланган тартибда қайтадан мурожаат қилади.

Тест синовлари талабгорларнинг таълим олган таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича мутахассислик фанларидан ўтказилади.

Тест синовлари натижаларига кўра 54 ва ундан кам балл тўплаган талабгорларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тан олинмайди.

  • Гувоҳномалар тайёрланганидан кейин Давлат инспекцияси масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, 3 иш куни ичида тегишлилигига кўра давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорларга юборилади.
  • Хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.
Chat