Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4590 марта ўқилди

Умумий овқатланиш корхонаси менюси

Ушбу корхонада давлат ва хорижий тилда ёзилган таомнома бўлади.

Умумий овқатланиш корхонаси истеъмолчига тўлиқ номи, иш режими, тавсия этиладиган маҳсулот, товар ва хизмат тўғрисидаги зарур маълумотни кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт.

Маълумотда тўғри танлаш имкониятини таъминлайдиган камида қуйидагилар бўлиши керак:
  • маҳсулот ва товар рўйхати;
  • тайёр таом порциялари умумий вазни (ҳажми), ичимлик бутилкаси сиғими ва порциялар ҳажми тўғрисидаги маълумот;
  • хизматлар рўйхати ва кўрсатиш шартлари;
  • хизмат нархи ва тўлаш шартлари.

Официант хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш корхонасига кириш, ёпилишидан 30 дақиқа олдин, ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш корхонасига кириш ёпилишидан 15 дақиқа олдин тўхтатилади.

Умумий овқатланиш корхонаси иш режими

Умумий овқатланиш корхонаси иш режимини мустақил равишда белгилайди.

Саноат корхонаси, муассаса, ўқув юрти ҳузуридаги умумий овқатланиш корхонаси иш режимини маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси билан келишади.

Иш соатига барча корхоналар мажбурий тартибда риоя қилиши керак.

Умумий овқатланиш корхонаси санитария тадбирини ўтказиш, таъмирлаш учун ёпилганда 1 ҳафта олдин эълон осиб қўйиши керак.

Умумий овқатланиш корхонасида ўлчаш воситасининг бўлиши

Умумий овқатланиш корхонасида ўлчаш воситаси, тортиш ва ўлчаш прибори кўриниб турадиган жойда, ишонч тамғасига ёки “Ўзстандарт”нинг муддати ўтмаган текшириш гувоҳномаси бўлиши керак.

Истеъмолчи билан нақд пулли ҳисоб-китоб назорат-касса машинаси орқали амалга оширилади.

Умумий овқатланиш корхонаси раҳбари ходимни назорат-касса машинасини ишлатиш қоидалари билан таништириши шарт.

Умумий овқатланиш корхонасида ҳисоб-китоб усули ва тўлов шакли

Умумий овқатланиш корхонаси ҳисоб-китобнинг қуйидаги усулидан фойдаланиши мумкин:

  • олдиндан тўлаш;
  • таом танлангандан кейин тўлаш;
  • овқатландан кейин тўлаш;
  • ўзи ҳисоблаш.

Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш усули бўйича ишлайдиган умумий овқатланиш корхонаси ва кулинария дўконларида ҳисоб-китоб вақтида истеъмолчига касса чеки берилади.

Официант хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш корхонасида ҳисоб-китоб официант берган счёт ёки назорат-касса машина чеки бўйича амалга оширилади.

Барча умумий овқатланиш корхонасида тўлов терминали бўлиши шарт.

Кулинария ва ярим тайёр маҳсулотларни сотиш

Умумий овқатланиш корхонаси таом, маҳсулот, ичимлик ассортиментини мустақил ишлаб чиқади, таом рецептурасини тузади ва тасдиқлайди.

Кулинария ва ярим тайёр маҳсулотлар дўконида, буфетда сотиладиган товар ва маҳсулотларда унинг номи, сорти, ўлчови, оғирлиги ёки нархи кўрсатилган, ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархнома бўлиши керак.

Маҳсулотнинг (хизматнинг) талабга мувофиқлигини текшириш

Умумий овқатланиш корхонаси истеъмолчига сотилган таом, кулинария маҳсулоти, товар ўлчами ва оғирлигини, шунингдек сотилаётган маҳсулотнинг (хизматнинг) талабга мувофиқлигини текшириш имкониятини яратиши керак.

Якка тартибда умумий овқатланиш маҳсулотини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланувчи шахс истеъмолчи илтимосига кўра давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани кўрсатиши керак.

Хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш

Буюртмани бажариш муддати бузилганда ёки камчилик аниқланганда истеъмолчи ўз танловига кўра:

  • хизмат кўрсатишни бошлаш ёки тугаллашнинг янги муддатини тайинлашга ва кўрсатилаётган хизмат нархини камайтиришни талаб қилишга;
  • хизмат нархини камайтиришни талаб қилишга;
  • мақбул муддатда камчиликни бепул бартараф этишни ёки зарур сифатдаги ана шундай маҳсулотни тайёрлашни ёки уни бошқа маҳсулотлар билан алмаштиришни талаб қилишга;
  • хизматдан воз кечишга ҳақли.

Истеъмолчи хизмат кўрсатишни бошлаш ва (ёки) тугаллаш муддати бузилиши сабабли ўзига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Жавобгарликка сабаб бўлувчи ҳолатлар:

Таом амал қилиш муддатига мувофиқ ҳолда сотилиши керак.

Кечаги кундан қолган гўшт, майдаланган балиқ, макарон, қайла, ёрма маҳсулотидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Жавобгарлик қуйидаги ҳолларда ҳам вужудга келади:
  • товар ёнма-ён туришига риоя қилинмаганда ва товар сақлаш шароити бузилганда;
  • овқатни истеъмол қилиш учун зарур шарт-шароит бўлмаганда;
  • корхона номи, иш режими тўғрисидаги маълумот бўлмаганда, харидорга маълумотни беришдан бош тортганда;
  • корхона иш режимига риоя қилмаганда;
  • товар ва маҳсулотда нархнома бўлмаганда ёки атайин нотўғри нархнома қўйилганда;
  • рухсат берилмаган анжом қўлланилганда;
  • техник регламент ёки стандарт талабларига жавоб бермайдиган товар ва маҳсулотни сотиш, маҳаллий йиғимларни тўламаслик ёки вақтида тўламаслик.

Маҳсулот (хизмат)даги камчилик ўрнини қоплаш

Кулинария маҳсулот (хизмат)даги камчилик аниқланганда умумий овқатланиш корхонаси истеъмолчи танловига кўра:

  • камчиликларни бепул бартараф этиши;
  • кулинария маҳсулоти (хизматлар) учун тўлов миқдорини камайтириши;
  • қўшимча тўловсиз худди шундай таомни, кулинария маҳсулотини тайёрлаши (хизматни такроран бажариши);
  • истеъмолчи сифатсиз кулинария маҳсулоти сотиб олиш (хизматларни бажариш) билан боғлиқ харажатни тўлиқ қайтариши;
  • етказилган маънавий зарарни қоплаши шарт.

Умумий овқатланиш корхонасида алкогол сотиш тартиби

Умумий овқатланиш корхонасида тайёр маҳсулот ва харид қилинган товар идиш ва ўрамда олиб кетилиши мумкин.

Алкоголли ичимликни олиб кетиш учун сотишга йўл қўйилмайди.

Умумий овқатланиш корхонаси алкоголни рухсат гувоҳномаси асосида сотади.

Полимер плёнкали пакетни бепул бериш, қийматини товар қийматига қўшиш, шунингдек, ўз таннархидан паст нархда сотиш (тутқичсиз ва товарнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакет бундан мустасно) тақиқланади.

Умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь ичимлиги прейскурантида ичимлик номи, бутилка сиғими, бутилка умумий сиғимининг, шунингдек 100 ёки 50 граммининг нархи кўрсатилиши керак.

Алкоголь маҳсулотлари сотишни тақиқлаш
  • болалар ўйинчоқлари, конфет ёки болалар товари кўринишида;
  • алкоголнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув бўлмаганда;
  • алкоголь маҳсулоти идишида истеъмол қилиш инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш бўлмаганда;
  • 20 ёшга тўлмаганларга.

Алкоголь маҳсулотини сотувчи 20 ёшдан кичик кўринган харидордан ёшини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиши, ҳужжат бўлмаганда эса алкоголь маҳсулотини сотишни рад этиши шарт.

Жавобгарликка тортиш асослари:
  • нархни асоссиз ошириш;
  • товар, маҳсулотни нотўғри ўлчаш, нотўғри тортиш ёки хизмат кўрсатмаслик;
  • товар, маҳсулотни (хизматни) чек бермасдан сотиш;
  • харидорга товар ва маҳсулот вазнини текширишга имконият яратишдан бош тортиш;
  • носоз ёки тамғаланмаган тортиш ва ўлчаш приборидан фойдаланиш;
  • қуйидагиларга амал қилмаслик:
  • тўлов терминали билан жиҳозлаш ва ҳисоб-китобни амалга ошириш тартибига;
  • назорат-касса машинасини қўллаш тартибига;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотини сотиш;
  • сифатсиз товар, кулинария буюмини ва атайин ностандарт маҳсулот сотиш, шунингдек харидорга сотилган сифатсиз товарни, маҳсулотни алмаштириб беришни ёки пулни қайтаришдан бош тортиш;
  • товар, маҳсулотлар сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқловчи ёки сертификацияланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатсиз сотиш;
  • ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида тайёрловчи номи ва жойлашган жойи тўғрисида маълумотлар кўрсатилмаган товарни сотиш.

Истеъмолчи талабларини рад этиш

Умумий овқатланиш корхонаси хизмат кўрсатишда муддатнинг бузилиши енгиб бўлмайдиган куч оқибатида ёки истеъмолчи айби билан содир бўлганлигини исботласа истеъмолчи талаби қондирилмайди.

Chat