Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37043 марта ўқилди

Фуқароларни қайд этиш — Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги муайян истиқомат жойида шахснинг доимий ёки вақтинча яшаб туриши фактини ички ишлар органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олишдир.

  • Вақтинча қайд этиш шахснинг ўзи белгилаган истиқомат жойида бўлиши даврида амалга оширилади. 
  • 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «ягона дарча» тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини «Манзил» тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш:

  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида — 2020 йил 1 сентябрдан;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

2020 йил 1 сентябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилган:
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;
  • доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби бекор қилинади;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;
  • туғилган болага фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан уни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва у паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

► Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга;
  • қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига ёки хусусий мулки бўлган бошқа уй-жой майдонига;
  • васийлик ва ҳомийликдаги шахслар ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) болалар — васий (ҳомий), тутинган ота-она доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
  • ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар — ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
  • эр (хотин) — хотини (эри) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
  • Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда;
  • Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда;
  • илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келганида;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари);
  • қонунчиликка мувофиқ давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари);
  • давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари);
  • Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ҳокимияти органларида, давлат бошқаруви органларида, хўжалик бирлашмаларида ва бошқа давлат ташкилотларида 5 йил мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари), шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган болалари);
  • Низомга мувофиқ уй-жой билан таъминланган ҳарбий хизматчилар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари).


Chat