Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 548 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, картошкачиликка ихтисослаштириладиган туманларда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилади.

Қуйидагилар картошкачилик кластерлари ва кооперациялари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
  • инновацион ва ресурс тежамкор технологиялар асосида яхлит майдонларда истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш ҳамда соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш;
  • уруғлик картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштиришни кенгайтириш, уруғликлар тайёрлаш ҳамда замонавий картошка плантацияларини барпо этиш;
  • истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, шунингдек, унинг экспортини кенгайтириш;
  • картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида уруғлик картошканинг супер элита ва (ёки) элита авлодларини етиштиришни йўлга қўйиш;
  • уруғлик картошкани сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш;
  • картошкачилик соҳасига илғор технологиялар, инновацион ечимлар ва илм-фан ютуқларини жорий этиш.

Қарор билан истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар ҳамда ҳудудлар рўйхати тасдиқланди.

2020 йил 1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилади. Бунда:

  • миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
  • хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилади.

Chat