Ўзбекистон Республикаси Конституцияси:
Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ:
Айбсизлик презумпцияси
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг биринчи қисми, ЖПКнинг 84, 454-моддалари, Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги 07-сонли «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 1-бандининг иккинчи хатбошиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 17-сонли «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 5-бандининг биринчи хатбошиси.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.
Қаранг: ЖПКнинг 45-моддаси, 46-моддасининг тўртинчи қисми, 47-моддаси, 48-моддасининг учинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 17-сонли «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 5-бандининг иккинчи хатбошиси.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 17-сонли «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 5-банди.