Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16340 марта ўқилди

Савол: А. исмли шахс хусусий фирма очиш ниятида эканлиги ҳақида маълум қилиб, ушбу хусусий фирмани давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддати ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Юридик шахс ташкил этиб ёки ташкил этмасдан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги усуллар:

мустақил равишда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали;

Давлат хизматлари марказларига ўзи келган ҳолда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш реал вақт режимида, лекин 30 минутдан ошмаган вақтда амалга оширилиши лозим.

Савол: Б. исмли шахс 2 йилдан буён оилавий корхона ташкил этган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани, оилавий корхона унинг яшаш манзилида жойлашгани сабабли, яшаш уйига уланган электр энергияси, сув, газдан тадбиркорлик фаолиятини юритишда ҳам фойдаланиб келаётгани ҳақида маълум қилиб, коммунал хизматлар учун тўловларни қандай тарифлар асосида амалга оширилиши юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.

Савол: Ф. исмли шахс яқинда танишидан унинг номидаги хусусий корхонани сотиб олганлиги ҳақида маълум қилиб, илгари ушбу корхонага берилган нефть маҳсулотларини (автобензин, дизел ёнилғиси) реализация қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида ушбу фаолият билан шуғулланиши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Амалга оширилиши учун лицензия олинган фаолият тури фақат лицензияни олган юридик ёки жисмоний шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Корхонани сотишда сотувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиши учун берилган махсус рухсатнома (лицензия) асосида олган ҳуқуқлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхонани сотиб олувчига берилмайди.

Савол: М. исмли шахс дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия олмоқчи бўлганида, лицензияловчи орган ушбу лицензия фақат 2 йил муддатга берилиши ҳақида маълум қилганини баён қилиб, лицензияловчи органнинг ушбу талаби қонунийлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Лицензияловчи органнинг ушбу талаби ноқонунийдир. Чунки, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия беш йил муддатга берилади.

Лицензия 5 йилдан кам муддатга фақат лицензия талабгорининг аризасига биноан берилиши мумкин.

Савол: Ж. исмли шахс 2 йилдан буён якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани, ҳозирда фаолиятини тугатиш истагида эканлиги ҳақида маълум қилиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ихтиёрий тугатиш тартиби юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Қатъий белгиланган солиқларни тўловчи якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) фаолиятини ихтиёрий тўхтатиш унинг рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этган аризаси асосида амалга оширилади.

Аризага агар мавжуд бўлса муҳр ва штамплар, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхалари, асосий ҳисобварағи ёпилганлиги тўғрисидаги тижорат банкининг маълумотномаси илова қилинади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ариза тушганидан сўнг бир иш куни ичида ДСИга Тизим орқали унинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлигини, шунингдек, тижорат банкида ҳисобварақ очмаганлигини (ҳисобварақ очилмаган деб кўрсатилган бўлса) тасдиқлаш учун сўровнома юборади. Бунда ДСИ сўровнома олинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга хабарнома юборади.

Рўйхатдан ўтказган орган аризага илова қилинган ҳужжатлар ва ДСИнинг хабарномаси тушганидан кейин бир иш куни мобайнида ЯТТ фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзувни давлат реестрига киритади.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ЯТТ фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзувни давлат реестрига киритиш ҳақидаги қарори қабул қилингандан сўнг бир иш куни мобайнида ЯТТга (вакилига) берилади ёки почта орқали жўнатилади.

ЯТТ фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзув давлат реестрига киритилгандан кейин рўйхатдан ўтказувчи орган уч иш кунида ДСИни бу ҳақда Тизим орқали хабардор қилади, агар мавжуд бўлса ЯТТнинг муҳр ва штампларини йўқ қилади ҳамда лицензия ва рухсатномаларни  уларни берган органларга юборади.

Chat