Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 40848 марта ўқилди

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкка эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши

Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.

Эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкини тасарруф этиши билан боғлиқ битим тузилса, бу ҳаракат бошқасининг розилигига кўра амалга оширилаётганлигини англатади.

Эр (хотин) ўзининг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битим тузиши учун хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олиши лозим. Кўрсатилган битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 1 йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақли.

Chat