Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 36314 марта ўқилди

Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
Ака-укалар ва опа-сингилларни турли шахслар томонидан фарзандликка олишга, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди.

Фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар:
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
  • муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
  • асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
  • қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар;
  • фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;
  • ва бошқалар.

Муҳим!
Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт (ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно).

Фарзандликка олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлган шахслар
  • фарзандликка олинувчининг қариндошлари;
  • фарзандликка олинувчи бола оиласида яшаётган шахс;
  • ака-ука, опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар;
  • ўгай ота ва ўгай она;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар.

Фарзандликка олинаётган боланинг фарзандликка олинишига розилиги
  • 10 ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.
  • Фарзандликка олишда боланинг розилиги васийлик ва ҳомийлик органлари ёки суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда аниқланади.
  • Агар бола фарзандликка олувчиларнинг оиласида тарбияланаётган бўлса ва уларни ўз ота-онаси деб эътироф этса, фарзандликка олиш фарзандликка олинаётган боланинг розилигисиз амалга оширилиши мумкин.

Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги
  • Фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг розилиги талаб этилади.
  • Суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисида қарори чиқарилгунга қадар ота-она берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.

Фарзандликка олиш қуйидаги ҳолларда ота-онанинг розилигисиз амалга оширилади:

  • ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;
  • ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;
  • ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;
  • ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатлари
  • Фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади.
  • Фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларни йўқотадилар ҳамда ўзаро мажбуриятлардан озод бўладилар.
  • Бола битта шахс томонидан фарзандликка олинган тақдирда, унинг манфаатларини кўзлаб, боланинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар фарзандликка олувчи эркак бўлса, онасининг илтимосига кўра, агар фарзандликка олувчи аёл бўлса, отасининг илтимосига кўра сақланиб қолиши мумкин.
  • Агар фарзандликка олинаётган боланинг отаси ёки онаси вафот этган бўлса, вафот этган отанинг ёки онанинг ота-онаси (бува ёки буви) илтимосига кўра боланинг шахсий номулкий ҳамда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар боланинг манфаатлари шуни талаб этса, вафот этган отасининг ёки онасининг қариндошларига нисбатан сақланиб қолиши мумкин.


Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.

  • Фарзандликка олишга оид маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, агар улар вафот этган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.
  • Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон фуқаролари томонидан фарзандликка олиш мазкур бола доимий яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фарзандликка олинаётган бола етим ва фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яқин қариндоши бўлган ёки ўз ватанида турли сабабларга кўра фарзандликка олиниши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон фуқаролари томонидан фарзандликка олишда фарзандликка олинаётган боланинг Ўзбекистонга кириши ва Ўзбекистонда доимий яшаши учун Ўзбекистон ваколатли органининг (ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари) рухсатномаси талаб қилинади.


Фарзандликка олиш агар фарзандликка олувчилар
  • Фарзандликка олинувчининг хулқ-атвори фарзандликка олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солаётган бўлса, фарзандликка олинувчи вояга етганидан кейин фарзандликка олиш бекор қилинишига йўл қўйилади.
  • Фарзандликка олинганнинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, шунингдек 16 ёшга тўлган фарзандликка олинган бола фарзандликка олишни суд тартибида бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади.


Chat