Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 51914 марта ўқилди

Йўлланма — муайян касаллик бўйича давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида режали стационар даволаниш имконини берувчи QR-кодли ҳужжат.

Йўлланмани олиш қаердан бошланади?

Бемор аввал ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасасига мурожаат қилади.

Оилавий шифокор тиббий кўрик ўтказиб, зарурат бўлса беморни бир иш кунида туман ёки шаҳар даражасидаги тор соҳа мутахассисига йўналтиради. Тор соҳа мутахассиси беморни бир иш кунида кўрикдан ўтказади.

Стационар даволанишга эҳтиёж қандай аниқланади?

Тор соҳа мутахассиси клиник протоколлар ва ташхислаш-даволаш стандартларига мувофиқ бемор ҳолатини баҳолайди.

Агар стационарга ётқизиш талаб қилинмаса, амбулатор даволаш тавсия этилади. Агар стационар ёки юқори даражадаги ихтисослаштирилган ёрдам зарур бўлса, электрон тизим орқали тегишли йўлланма жараёни бошланади.

Тиббий-танлов комиссияси қачон иштирок этади?

Беморни ҳудуд ёки республика даражасида даволаш зарур бўлган ҳолларда тор соҳа мутахассиси электрон тизим орқали тегишли тиббий-танлов комиссиясига сўровнома юборади.

Ҳудудий комиссия бемор маълумотлари, кўрик ва текширув натижаларини бир иш кунида ўрганади. Республика даражасида даволаниш талаб қилинса, маълумотлар кейинги комиссияга электрон равишда юборилади.

Йўлланма тасдиқлангандан кейин нима қилиш керак?

Бемор ёки унинг қонуний вакили 30 кун ичида бирламчи тиббий-санитария муассасаси, ЯИДХПдаги шахсий кабинет ёки тегишли мобиль илова орқали Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган ташкилотлардан ташхисига мос давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди.

Танланган ташкилот беморни йўлланмада белгиланган муддатда қабул қилади. Амалдаги схема бўйича ушбу босқич учун 60 кунгача муддат назарда тутилган.

Маблағ етарли бўлмаса нима бўлади?

Йўлланма шакллантирилганда унинг қиймати электрон тизимда автоматик аниқланиб, Давлат бюджетидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган мақсадли маблағлар қолдиғи билан солиштирилади.

Маблағ етарли бўлмаса, йўлланмани тасдиқлаш электрон навбат асосида кейинги ой, чорак ёки йилга қолдирилиши мумкин. Ҳомиладорлик давридаги ва болалар патологиялари, орфан ва ирсий-генетик касалликлар ҳамда қонунда белгиланган айрим бошқа ҳолатлар учун алоҳида молиялаштириш қоидалари мавжуд.

Эслатма: шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам учун ушбу режали йўлланма ва электрон навбат тартиби қўлланилмайди.

Chat