Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18071 марта ўқилди

Санитар автомобиллар сони қандай белгиланади?

Тез тиббий ёрдам хизмати учун махсус автотранспорт воситалари аҳоли сонидан келиб чиқиб белгиланган меъёрлар асосида ажратилади.

Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси учун ҳар 13 минг кишига 1 та замбилли санитар автомобиль бўлиши назарда тутилган.

Реанимобиллар сони эса замбилли санитар автомобилларнинг умумий сонидан камида 10 фоизни ташкил этиши лозим.

М-39 халқаро автомобиль трассасининг Қамчиқ довони участкасида трасса бўйидаги тиббий пунктлар фаолиятини таъминлаш учун ҳар 20 километрга 1 та замбилли санитар автомобиль ажратилиши белгиланган.

Санитар автомобиллардан қанча вақт фойдаланилади?

Махсус автотранспортдан фойдаланиш учун қуйидаги муддатлар белгиланган:

  • шаҳар шароитида санитар автомобиллар — 8 йил;
  • қишлоқ ва тоғли ҳудудларда санитар автомобиллар — 7 йил.

Олис ҳудудларда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш заруратидан ва ҳудуднинг географик жойлашувидан келиб чиқиб, белгиланган меъёрларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Тез тиббий ёрдам бригадаси нималар билан таъминланади?

Тез тиббий ёрдам кўчма бригадалари белгиланган табель асосида тиббий мосламалар ва инвентарь билан жиҳозланади.

Уларга, жумладан:

  • портатив ЭКГ аппарати;
  • зарур ҳолларда дефибриллятор ва ўпкани сунъий ҳаволантириш аппарати;
  • Амбу халтачаси;
  • тонометр ва фонендоскоп;
  • иммобилизация воситалари ва замбил;
  • тиббий сумка ва зарур тиббий асбоблар;
  • боғлаш материаллари;
  • бир марталик тиббий буюмлар;
  • махсус кийим-бош ва салондаги юмшоқ инвентарь киради.

Махсус ва умумий йўналишдаги бригадаларнинг жиҳозланиш таркиби улар бажарадиган вазифалардан келиб чиқиб фарқ қилиши мумкин.

Chat